Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириб Ўзбекистонга қайтган фуқароларни иш билан таъминлашга оид президент қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Лойиҳада меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларига «Маҳаллабай ишлаш» тизими асосида қуйидаги хизматларни кўрсатиш назарда тутилмоқда:

Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари:

  • хонадонбай сўровнома асосида хорижда бўлиб турган ва хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантлари ҳамда уларнинг оила аъзоларининг эҳтиёжларини аниқлайди;
  • ўтказилган сўровнома асосида ишсиз ва ёрдамга муҳтож меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари тўғрисида маълумотларни «онлайн маҳалла» платформасига киритади;
  • хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларининг аниқланган муаммоларини ҳал қилиш бўйича мутасадди идора ва ташкилотлар билан тегишли чора-тадбирларни амалга оширади.

Ёшлар етакчиси:

  • хориждан қайтиб келган ёш меҳнат мигрантлари тўғрисидаги маълумотлар асосида «Ёшлар баланси»ни шакллантиради, улар тўғрисидаги зарур маълумотларни «Ёшлар дафтари» ва «Ёшлар портали» электрон платформаларига киритиб боради;
  • хориждан қайтиб келган ёш меҳнат мигрантларининг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашади.

Хотин-қизлар фаоли:

  • хориждан вақтинчалик меҳнат фаолиятидан қайтиб келган, шунингдек меҳнат мигрантлари оилаларидаги ёрдамга муҳтож хотин-қизлар тўғрисидаги маълумотларни «Аёллар дафтари»га киритишни ва улар билан манзилли ишлашни ташкил этади;
  • хориждан қайтиб келган ва меҳнат мигрантлари оилаларидаги хотин-қизлар муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш ишларини амалга оширади;
  • хотин-қизларни ишга жойлаштириш, тадбиркорлик ва ўзини-ўзи банд қилиш фаолиятига жалб этиш, касб-ҳунарга ўқитиш, уларга субсидия ва бошқа ёрдам чораларини жалб қилишга кўмаклашади;

Маҳалладаги меҳнат инспектори ёрдамчиси:

  • хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини аниқлайди ва уларга манзилли ёрдамлар кўрсатиш ишларини амалга оширади;
  • меҳнат мигрантлари ва уларнинг меҳнатга лаёқатли оила аъзоларига Ягона миллий меҳнат тизими орқали доимий иш ўринларига жойлашишга кўмаклашади, уларни ишга қабул қилган иш берувчиларни молиявий рағбатлантириш чораларини кўради;
  • меҳнат мигрантларига зарур бўлган ҳолатларда касб-ҳунар, тадбиркорлик ва хорижий тилларга ўқишга кўмаклашади;
  • меҳнат мигрантларини тадбиркорлик ва ўзини-ўзи банд қилиш фаолиятига жалб этиш чораларини кўради, жумладан ишлаб чиқариш кооперативларига аъзо бўлишга, тадбиркорлик фаолиятини бошлашга, шахсий томорқани ривожлантиришга субсидия ажратилишида кўмаклашади;
  • «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»даги меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларига доимий ишга жойлаштирилгунга қадар ишсизлик нафақаси ҳамда касб-ҳунарга ўқиши даврида стипендия тайинланишига кўмаклашади;

МФЙ раиси:

  • ёрдамга муҳтож меҳнат мигрантлари оилаларига ижтимоий кўмак бериш, уларга нафақа ва моддий ёрдам тайинлашга, яшаш шароитларини яхшилаш бўйича ҳомийлар маблағларини жалб қилишга амалий ёрдам кўрсатади;
  • меҳнат мигрантлари оилалари орасидан ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кекса фуқароларга патронаж ёрдами ҳамда шу мақсадда ажратилган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам кўрсатилишини ташкил этади.

Реинтеграция маркази юқоридаги кичик бандларда кўрсатилган масалалар бўйича амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштиради.

Жамоатчилик муҳокамалари 3 июнга қадар давом этади.