Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги «Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириб Ўзбекистонга қайтиб келган фуқароларни иш билан бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Унга кўра, ҳар бир туман ва шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ҳузурида Реинтеграция маркази ташкил этилади. Ҳужжат қабул қилинган кундан бошлаб бир ой ичида Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари марказлар фаолиятини йўлга қўяди.

Реинтеграция марказига 2022 йил якунига қадар қайтиб келган меҳнат мигрантлари сафидан вақтинчалик асосда бир нафардан ёрдамчи бириктирилади, уларнинг иш ҳақлари Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан тўланади.

Реинтеграция марказининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланиши кўзда тутилган:

  • хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларига «Ягона дарча» тамойили асосида манзилли хизмат кўрсатиш;
  • хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларининг эҳтиёжлари ва уларга кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида «labor migration» дастурий мажмуасида маълумотлар базасини юритиш;
  • маълумотлар базасидаги маълумотларни таҳлил қилиш ҳамда аниқланган талаб, муаммо ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб уларни тегишлилиги бўйича ваколатли органларга юбориш ва бажарилишини назорат қилиш;
  • хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларига уларнинг маълумоти, мутахассислиги, хорижий давлатларда орттирган иш тажрибаларидан келиб чиқиб бандлигини таъминлашга кўмаклашиш;
  • хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларини тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, уларга ўз бизнесини ташкил этишда субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашиш;
  • меҳнат мигрантлари оила аъзоларига Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва бошқа ташкилотлар туман (шаҳар) бўлинмалари билан биргаликда моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни ташкил қилади.

Жамоатчилик муҳокамалари 3 июнга қадар давом этади.