Ироқнинг Курук, Саладин, Восит ва Басра провинциялари ҳамда мамлакатнинг бошқа ҳудудлари 16 май куни кучли қум бўронидан азият чекди, деб хабар берди Iraqi News Agency. Сариқ-тўқ сариқ рангли қум ва чангдан иборат қуюқ булут пойтахт Бағдодни қамраб олди. Мамлакат расмийлари мактаблар, университетлар, давлат идоралари ва аэропортларни ёпишга мажбур бўлди.

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги бўрон оқибатида 4000 га яқин нафас қисиши ҳолати қайд этилганини маълум қилди.

Бу Ироқда апрель ойининг ўрталаридан бери содир бўлаётган саккизинчи қум ва чанг бўрони бўлиб, унга иқлим ўзгариши натижасида тупроқ деградацияси, ёғингарчиликнинг камайиши ва кучли қурғоқчилик сабаб бўлди, деб ёзмоқда AlArabiya. Дажла ва Фурот ўртасида жойлашган Ироқ дарёлар оқимининг камайиши, ўрмонларнинг йўқолиши ва тупроқ деградацияси туфайли иқлим ўзгариши ҳамда чўлланиш оқибатлари олдидаги энг заиф давлатлар қаторига киради.

Апрель ойида Ироқ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги вакили мамлакатни келгуси йигирма йил давомида йилига «272 чангли кун» кутиб туриши мумкинлигидан огоҳлантирди, деб ёзмоқда France24.

5 май куни Ироқда рўй берган аввалги бўрон пайтида бир киши ҳалок бўлган, 5 мингга яқин аҳоли нафас олиш тизимидаги муаммолар билан касалхонага ётқизилган эди.