Шанба куни Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда иқлим ўзгаришининг Ўзбекистондаги оқибатларини юмшатиш бўйича қисқа ва ўрта муддатли чора-тадбирларни амалга ошириш режасида белгиланган вазифалар бажарилиши ҳолати юзасидан Ўзгидромет хизмати маркази бош директори Шерзод Хабибуллаевнинг ахбороти эшитилди.

Унинг таъкидлашича, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари глобал миқёсга эга бўлиб, Ўзбекистон ҳудудида ҳам яққол намоён бўлмоқда.

«Биргина Орол денгизи фалокати натижасида Марказий Осиёда иқлим ўзгариши дунё кўрсаткичларидан 2 баробар жадалроқ кечмоқда. Дарёлар сувини шакллантирувчи музликларни тобора эриб бориши, чанг бўронлари даврийлиги ва уларнинг ортиб бориши, ерларнинг деградацияга учраши, сув ресурсларининг тақчиллиги каби салбий кўринишларда намоён бўлмоқда», — дея Шерзод Хабибуллаевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Сенат матбуот хизмати.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Қайд этилишича, Ўзбекистонда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш, «яшил» иқтисодиётга ўтиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва биохилма-хилликни сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Иқлим ўзгаришига таъсир кўрсатувчи ёқилғи-энергетика, саноат, қурилиш тармоқларидан ташланаётган ифлослантирувчи моддаларни кескин камайтириш мақсадида ҳозирда «яшил» иқтисодиётга ўтиш бўйича кенг қамровли стратегия, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш дастури ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Иқтисодиёт тармоқлари, қурилиш ва энергия тежамкорлигини ошириш юзасидан қабул қилинган стратегик дастурлар ва уларни ижроси Ўзгидромет томонидан ҳисоб-китоблар ва тадқиқотлар асосида таҳлил қилинган. Натижада, Ўзбекистон Иқлим бўйича Париж келишуви доирасида 2030 йилга ялпи ички маҳсулотга нисбатан иссиқхона газлари улушини 35% камайтиришга эришилади, дейилади хабарда. Шунингдек, Иқлим ўзгаришининг Ўзбекистондаги оқибатларини юмшатиш бўйича чора-тадбирлар режаси киритилган 51 та тадбирдан ҳозирда 16 таси тўлиқ бажарилган.

Жумладан, ўрмон хўжаликлари томонидан 700 гектардан ортиқ майдонда ниҳолхона ва кўчатхоналар ташкил этилган. Чорвоқ сув омбори юқори қисмида 66 гектар майдонда ёнғоқ ва бодом дарахт турларидан ўрмонзорлар барпо этилган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларида шамол ва сув эрозиясидан ҳимоя қилиш учун 500 гектарда ихота дарахтзорлари ташкил этилган.

Таъкидланишича, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан қиймати 993 млн сўмлик лойиҳа, шунингдек, Орол денгизининг қуриган тубида тупроқ шўрланиши ва иқлим ўзгаришига қарши инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда Оролбўйи минтақаси шўрланган ерларида экологик ҳолатни яхшилашга қаратилган 664,2 млн сўмлик 2 та стартап лойиҳа молиялаштирилган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Ёқилғи-энергетика тармоғидаги иссиқхона газлари ажратмаларини камайтириш бўйича олиб борилган таҳлиллар натижасида республикада йилига қарийб 1,0 млн тонна ташланмалар турғун манбалардан ташланиши, шундан, 21,3 фоизи энергетика соҳаси ҳиссасига тўғри келиши аниқланган. Бундан ташқари, соҳада қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш мақсадида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2021 йилда Навоий вилоятида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилган. Қорақалпоғистонда 100 МВт қувватли янги шамол электр станцияси қурилиши бошланган, дейилади хабарда.

Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда вазирликлар ва идоралар томонидан қисқа ва ўрта муддатли чора-тадбирларни амалга ошириш режасида белгиланган айрим тадбирларни бажарилишида сусткашликларга йўл қўйилганлиги қайд этилди. Жумладан, Ўзбекистоннинг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегиясини амалга ошириш тўғрисидаги 2022−2030 йилларга мўлжалланган узоқ муддатли ҳаракатлар режаси лойиҳасини ишлаб чиқиш ишлари охирига етказилмаган. Бундан ташқари, қайта тикланадиган ва водород энергетикасини ривожлантириш ҳамда ёқилғи-энергетика тармоғидаги иссиқхона газлар ажратмаларини камайтириш имкониятларини ўрганиш борасидаги ишлар ҳам охирига етказилмаган.

Таъкидланишича, иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда қурилишда техник нормативларни қайта кўриб чиқиш «Янги қурилиш қоидалари»ни тасдиқлаш тадбири якунланмаган. Сенаторлар томонидан ўз вақтида бажарилмаган вазифаларни охирига етказиш ва бошқа масалалар юзасидан масъулларга топшириқ, тегишли таклиф ва тавсиялар берилди. Хусусан, «Ўзбекистон шамол атласи»ни ҳамда «Ўзбекистон қуёш атласи»ни ишлаб чиқиш шулар жумласидандир, дейилади хабарда.