Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари президенти, Абу Даби амири Шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаённинг вафот этгани муносабати билан таъзия билдириш учун 15 май куни ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Абу Дабидаги Президент мажмуасида давлат раҳбари БААнинг янги сайланган президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашди.

Учрашув аввалида мамлакат етакчиси Амирликлар президенти ва дўст халқига президент Халифа бин Зоид Ол Наҳаённинг бевақт вафот этгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди. Шайх Халифа мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшгани алоҳида қайд этилди, дейилади хабарда.

Шунингдек, президент Шайх Муҳаммад Ол Наҳаённи олий давлат лавозимига сайлангани билан табриклаб, келгуси фаолиятига катта муваффақиятлар тилади.

Етакчилар Ўзбекистон ва Амирликлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалаларини кўриб чиқдилар.

Давлат раҳбари БАА ташқи ишлар вазири Абдулла бин Зоид Ол Наҳаён ҳамда бош вазири ўринбосари, президент ишлари бўйича вазири Мансур бин Зоид Ол Наҳаён билан ҳам учрашувлар ўтказди.

Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликларига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.