Хоразм вилоятида одамларни уриш-дўппослаш каби жиноятларни содир қилиб келганликда гумон қилинган бир гуруҳ фуқаролар қўлга олинди. Бу ҳақда вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Дастлабки тезкор суриштирувлар натижасига кўра, ушбу гуруҳга урганчлик муқаддам судланган С.Х. (1986 й.т.) бошчилик қилганлиги аниқланган.

Ички ишлар органлари томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми билан қўзғатилган жиноят иши доирасида С.Х. билан биргаликда Б.Э. (1992 й.т.) ва О.М. (1986 й.т.) ҳам гумонланувчи тариқасида жалб этилиб, процессуал тартибда ушланган.

Гумонланувчиларга тегишли автомашиналардан пичоқ ва темир бита ашёвий далил тариқасида олинган.

«Тергов ҳаракати давомида ушбу шахслар томонидан илгари содир қилинган жиноятлар ва уларнинг бошқа жиноий шерикларини аниқлашга ҳам эътибор қаратилади», — дейилади маълумотда.