Вазирлик ва идораларнинг инсон ресурсларини бошқариш бўйича фаолиятини баҳолаш тартибини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги департамент мудири Илҳом Қурбонов бу қандай амалга оширилишини тушунтириб берди.

Унинг сўзларига кўра, ҳар ярим йилликда давлат орган ва ташкилотларининг кадр сиёсатини баҳолаш бўйича рейтинг эълон қилиб борилади.

Янги тартиб учун 1 ой давомида хорижий тажриба, икки ҳафта давомида 15 дан ортиқ вазирлик ва идоралар мутахассислари иштирокида ўрганишлар олиб борилган. Натижада 10 та асосий ва қўшимча индикаторли рейтинг тизими яратилди. «Рейтинг ҳам баҳоловчи ташкилот, ҳам баҳоланаётган субъект ташкилот томонидан биргаликда ишлаб чиқилди. Яъни бу билан ўйин қоидаларига ҳамма рози бўлди», — деди Илҳом Қурбонов.

Бунда, қўйидаги Баҳолаш индикаторлари ва уларни ҳисоблаш усулларидан фойдаланилади:

Асосий индикаторлар:

  • давлат ташкилотидаги вакансиялар даражаси;
  • вакант лавозимларнинг ёпилиш муддати;
  • давлат ташкилотидаги қўнимсизлик даражаси;
  • инсон капиталини ривожлантириш коэффициенти;
  • ходимларнинг юқори малака даражаси кўрсаткичи (фан номзоди, фалфаса доктори, фан доктори);
  • халқаро эътироф этилган рейтинг берувчи ташкилотларнинг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий ОТМларни тамомлаган ходимлар сони;
  • «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида мажбурий рўйхатдан ўтказиш даражаси;

Қўшимча индикаторлар:

  • маълумотларни ўз вақтида ва хатосиз тақдим этганлик бўйича;
  • умумий ходимлардаги хотин-қизлар улуши;
  • умумий ходимлардаги ёшлар улуши.

Агентлик мутахассисининг таъкидлашича, биринчи ўринда вазирлик ва идоралардаги вакант ўринларни камайтиришга эътибор қаратилади.

«Бу нимага керак? Эртага ташкилотда қайсидир лавозим вакант бўлса, унга тегишли функция табиий равишда ҳозирги кунда бошқа функцияни бажараётган ходимга юкланади. Ва бу ходимда қўшимча иш ҳажмини пайдо қилади. Бу ўз навбатида қатор муаммоларга — меҳнат режимини бузилиши, дам олиш кунлари ишлаши ёки ўша функцияни умуман бажарилмаслигига — олиб келади», — деди у.

Рейтинг баҳолари формула орқали 100 баллгача асосий ва 20 баллгача қўшимча баллари асосида аниқланади:

  • «Аъло» даража — 81 баллдан 100 баллгача;
  • «Яхши» даража — 71 баллдан 80 баллгача;
  • «Қониқарли» даража — 55 баллдан 70 баллгача;
  • «Қониқарсиз» даража — 54 баллгача.

Баҳолашдаги индикаторлар кўрсаткичлари «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига интеграция қилинган «Давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот-таҳлил тизими» дастурий-аппарат комплекси орқали аниқланади.

«Вазирлик ва идораларнинг штатлари, таркибий тузилмалари, лавозимлари, ходимлари маълумотлари, вакансиялар, малака даражалари — ҳаммаси автоматик тарзда чиқади. Эртага бизга ҳам эътироз бўлмайди. Ўтириб, Excel`да ҳисоблаш 20 асрда қолиб кетди. Биз буни ҳар 6 ойда эълон қиламиз. Декин ундан олдин ҳурматли вазирлик ва ташкилот раҳбарияти мана шу кўрсаткичларда муаммо бор, эътибор қилиб қўйинглар, яқинда рейтинг эълон қиламиз деб айтамиз. Шу орқали кадрлар сиёсатини яхшилаймиз», — деди у.

У шунингдек, ҳозирги кунда вакант лавозимларни ёпиш муддати 20 кун этиб белгилангани, бироқ ҳамма ҳам бунга амал қилмаётганини айтиб ўтди.

«Баъзида номзодларимизнинг танлов комиссиялари томонидан муносиб деб топилмаслиги, янада яхшироқ номзод топиш учун қайта танловлар ўтказилиши вакант лавозимлар ёпилмаслигига олиб келаяпти», — деди Илҳом Қурбонов.

Бундан ташқари, ташкилотларнинг қўнимсизлик даражаси ҳам баҳоланиши айтилди. Агентлик вакили ташкилотда маълум бир муддат ичида ходимларнинг тез-тез ишдан бўшаши иш муҳитининг ёмонлигидан дарак беради.

«Ташкилотда иш муҳити яхшилиги, бақарорлиги, психологик ва корпоратив маданият яхшилиги „қўнимсизлик“ даражасида кўринади. Агар жуда кўп ходим ишдан бўшаб кетган бўлса, демак қўнимсизлик даражаси юқори ва қанақадир муаммо борлигини билдиради», — деди у.