Адвокат ва автоблогер Камолиддин Баҳавадинов автомобиллар ойнасининг тусини ўзгартириш бизнес лойиҳага айланиб бораётганини танқид қилди. У бу мавзуга «Маҳалла» телеканалида эфирга узатилган «Минбар» ток-шоусида тўхталиб ўтди.

У машиналар ойнасини қорайтиришда фақат ягона ёндашув — рухсат бор ёки йўқлигига қараш лозимлиги, уни нархлаш инсон ҳуқуқларига зидлигини таъкидлади.

«Савол жуда ҳам оддий „тонировка“ — мумкинми ёки мумкин эмасми? Жуда кўп давлатларда савол битта, мумкин ё мумкин эмасга ажратилади, пуллик ёки текин деган омил йўқ. Мумкин бўлса, меъёр белгиланган, сиз ўша меъёр даражасида исталганча қорайтиришингиз ва бемалол ҳаракатланишингиз мумкин. Мумкин бўлмаса — тақиқ тамом. Уни Али ҳам Вали ҳам қорайтиришга ҳаққи йўқ, ким бўлишидан қатъий назар. Ўзбекистон Конституциясида ҳам белгиланган — ҳар бир фуқаро қонун олдида тенг», — деди ҳуқуқшунос.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда «тонировка» учун «космик» нарх белгиланган.

«Аввалига „тонировка“ учун белгиланган суммалар қиймати жуда баланд эди. Кейин бироз „раҳм“ қилишди ва орқа-ён ойналар нархини 4,5 бараваргача туширишди. Олд айланма „тонировка“ эса шахсан мен учун „космос“ нарх. Бугунги кундаги ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаганда, бу „космик“ нарх. Битта одам ёзда ўзини бироз қулай ҳис қилиши учун 6 ойлик ойлигини емай, ичмай бериши шахсан мен учун мантиқсизлик. Бу инсон ҳуқуқларини очиқдан-очиқ поймол қилиш», — деди Камолиддин Баҳавадинов.

У шунингдек, Конституцияда аниқ қилиб инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиб қўйилгани ва қонун ҳужжатлари унга зид бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлади.

«Тақиқ — фақат эътирозни келтириб чиқаради. Тақиқда мантиқ бўлиши билан биргаликда уни асоси бўлиши керак. Мен ҳозир буни тақиқлайман — мана нима учун [деб сабаби келтирилиши лозим]. „Шунчаки тақиқладим“ — бу жавоб эмас», — деди автоблогер.

Бундан ташқари, бир мавсум «тонировка»дан фойдаланган инсон сифатида қулайликни ҳис қилганини айтиб ўтди.

«Мумкин бўлмаса нега сотилаяпти, нега рухсат берилди? Мумкин бўлса нега пулли? Бугунги кунда нима учун [айланма „тонировка“ нархи] 12 млн 150 минг сўм? Бу кимнингдир севган рақамларими? Буни ҳикмати, замирида нима бор? Бу қайси мезон асосида белгиланди? Нега 384 млн ёки 1,8 млн ёки 500 минг сўм эмас?», — деди у.

Ҳуқуқшунос ойналарни қорайтириш нархи айнан базавий ҳисоблаш миқдорига боғлаб қўйилганини ҳам танқид қилди.

«Дейлик, гўштнинг таннархи бўлиши мумкин. Буқанинг ем-ҳашаги нархининг ошиши пештахтадаги гўшт нархининг ошишига олиб келиши мумкин. Лекин, тонировка учун берилган руҳсатноманинг қандай таннархи бор, нега у БҲМга боғлаб қўйилди? Нимага рухсатнома [нархи] йил сайин ошиши керак?», — деди Камолиддин Баҳавадинов.

Унинг фикрича, рухсатнома берилдими — берилди, унинг таннархи бўлиши мумкин эмас.

Бундан ташқари, кўрсатув давомида автомактаб ўқитувчиси Орифжон Назаров «тонировка»нинг болалар руҳиятига таъсири ҳақида гапириб, «бола атрофни бор ранглари билан кўргани маъқулмикан?» — дея савол билан юзланди. Автоблогер мазкур саволга жавобан ҳозирда «тонировка"ларнинг ҳам турлари кўплигини, машина ичида ўтириб, ойна қорайтирилган ёки йўқлигини фарқлай олмай қолиш ҳам мумкминлигини таъкидлади.

Автоблогернинг фикрича, бошқа соҳаларда хориж давлатлари тажрибасидан фойдаланилса ҳам, «тонировка» масаласига келганда бунга эътибор қаратилмаяпти. «Солиқ ёки турли хил йиғимлар бўйича бошқа давлатларнинг амалиётини ўрганиб, уни жорий қилишга етган ақлимиз — нима учун инсон саломатлигига хизмат қиладиган факторларни ўзлаштиришга етмаяпти? Нега инкор қилаяпмиз?», — дея савол билан юзланди.

Мисол тариқасида келтиришича, Американинг Калифорния штатида машина ойналарини қорайтириш мажбурий тусга эга. Бунга сабаб қилиб, қуёш нурлари орқали инсон танасига тушадиган ултрабинафша ва инфрақизил нурлар терида доғлар (пигментларни) ҳосил қилади ва «саратон» касаллиги келиб чиқишига олиб келади.

«Нима учундир инсон саломатлигига хизмат қилагидан, улар (америкаликлар) излаб топган сабабларни бизникилар кўра олмаяпти ёки очиқдан-очиқ инкон этаяпти. Адашаётган бўлишим мумкин, лекин мени назаримда ҳайдовчилар билан айрим қонун ташаббускорлари ўртасида кўринмас жанг кетаяпти. Бир томон қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилса, иккинчи томон инкор этиш билан ўзини кўрсатаяпти», — деди Камолиддин Баҳавадинов.

Сайлов жараёнларида ваъдаларни бериб, ҳозирда қонун қабул қилувчи депутатлар ҳеч бўлмаганда яримта норматив-ҳуқуқий ҳужжатни «аҳолининг манфаатига хизмат қиладиган қилиб қабул қилиши керак, деган фикрда ҳуқуқшунос.

У шунингдек, қонунчиликдаги мантиқсизликларга тўхталиб, орқага ён ойнага парда мумкинлиги ва «тонировка» мумкин эмаслигини танқид қилди. «Кимдир аслида буни ҳикмати мана бунда деб, тушунтириб бера оладими? Ҳеч ким тушунтириб бера олмайди, лекин биз ўша қоидани илгари сураяпмиз», — деди у.

«Ҳозир қора кўзойнакда ўтирсам ҳам ҳеч ким эътироз билдирмайди. Ваҳоланки, қора кўзойнак орқасида Колумбияда 20 йилдан бери қидирувда бўлган жиноятчи ўтирган бўлиши мумкин. Нега бунга бож жорий қилишмайди? Биў қаердан биламиз, кўзойнак орқасида ким ўтирганини, деган важ билан бож жорий қилишмаяпти-ку», — деди автоблогер.

У сўзи якунида кўчаларда биноларнинг ойналари ҳам қорайтирилгани, унинг ортида ҳам йил жиноятига тайёргарлик кўрилаётган бўлиши мумкин, балки ўша ойнага ҳам бож солармиз дея, кесатиб гапирди.