2022 йилда Фарғона вилояти маҳаллий бюджетида 1 трлн сўм қолади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 13 май куни вилоят аҳолиси билан учрашувда айтиб ўтди.

«[Фарғона вилояти ҳокими]Хайрулла Бозоров молия соҳасини яхши тушунади. Мен бош вазир бўлган вақтларим битта вилоятга 100 млн сўм пул беролмасдик. Кеча ҳоким мендан 200 млрд сўм сўради. Бераман дедим. Ҳозир тадбиркорларга ёрдам бермасак бўлмайди», — давлат раҳбаридан иқтибос келтирмоқда «Дарё».

Шавкат Мирзиёев чет элга сафар қилса ҳам нимадир ўрганиб келишга ҳаракат қилишини айтди.

«Ўзим бормасам ҳам давлат номидан кимдир борса унга, албатта, айтаман: «давлат ҳисобидан боряпсан, бориб нимадир ўрганиб кел, дейман. Турист бўлмагин, оқсоқол бўлиб борсанг турист бўласан, дейман», — деди у.

Президент барча мансабдор шахслар давлат хизматчиси эканлигини таъкидлади.

«Буни ҳамма тушуниши керак. Тушунмаган инсон сиёсатимизга хиёнат қилган бўлади. Айрим амалдорлар тушунмаяпти ҳали ҳам бу нарсани», — қайд этди давлат раҳбари.

Президент айрим ҳокимлар йиллар давомида ер сотиш билан шуғулланиб келганини айтди. Унга кўра, ер муносабатларида ҳокимларнинг ваколати тугатилганига қарамай, ҳамон ер участкаларини ноқонуний сотиш ҳолатлари аниқланмоқда.

«Энди ҳокимларни савдо соҳасига чиқаряпман. Шунда ҳам бу ҳолатлар бўляпти. Фарғона вилояти ҳокимининг имзосигача ўхшатиб, ер олиш бўйича қарорни чиқартириб олган ҳолат ҳам бўлди. Хайрулла Бозоров эса „бу ерни мен бермаганман“, деяпти. Ўзи шу имзони ўхшатишни ҳам ҳокимликда ишлайдиган одам қилган. Кичкина лавозимда ишлайди, бир бюрократ ўзи. Ҳайрон қолади киши», — деди Шавкат Мирзиёев.

Январь ойида президент кимошди савдолари орқали ер сотишдан 400 млрд сўм даромад олинганини танқид қилган эди. Давлат раҳбари биргина Тошкент вилоятида 14 гектар ер 3,5 млн долларга сотилмоқчи бўлганини айтди. «Нимага бу пуллар давлатга эмас, кимларнингдир чўнтагига тушмоқда?», — деганди у.

Шавкат Мирзиёев Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевдан ер муносабатлари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юқори лавозимдаги мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича топшириқ берган эди.