Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20январь куни давлат активларини хусусийлаштириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди. Давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, президент «жойларда ерларни аукционга чиқариш орқали жорий йилда бор-йўғи 400 миллиард сўм тушумни таъминлаш режаси мутлақо қониқарсиз» эканини таъкидлаган.

«Биргина мисол: Тошкент вилоятида 14 гектар ер участкаси 3,5 миллион долларга ноқонуний йўллар билан сотилгани ҳамма раҳбарларни ўйлантириши керак. Нимага бу пуллар давлатга эмас, кимларнингдир чўнтагига тушмоқда?» — деган саволни ўртага ташлади Шавкат Мирзиёев.

«Тасаввур қилинг, давлат қанчадан-қанча пулларни йўқотмоқда! Бу пулга қанча мактаб, қанча боғча ва йўл қуриш мумкин эди. Нега шуни ҳокимлар ўйламайди?» — деб сўради у.

Давлат раҳбари ушбу вилоятда ўтган йил давомида ер участкаларини сотишдан атиги 18 млрд сўм маблағ тушган. «Бу бозор нархида нари борса 5−10 гектар ернинг нархи», — деди давлат раҳбари йиғилишда.

Йиғилишда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ва Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрмановга хусусийлаштириш ишларини суст ташкил этгани учун ҳайфсан берилди. Қолаверса, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Сирдарё, Хоразм ва Бухоро вилоятлари бошқарма бошлиқлари ҳамда «Ўзагросервис» бош директори ишдан олинди.

Августда ИИВ пойтахтда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 16 гектар ер участкасини 5 млн долларга сотмоқчи бўлган икки фуқаро қўлга олингани ҳақида хабар қилган эди.