Президент Фарғона шаҳрида фаоллар билан иштирокида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.

Фарғона вилоятида охирги бир йилда 10 мингдан зиёд кичик корхона ташкил этилди. Экспорт ҳажми 44 фоизга ошиб, 801 миллион долларга етди. Қувасой шаҳридаги «Кварц» корхонасида 70 млн доллар инвестиция ҳисобидан, йилига 22 млн кв метр қурилиш ойнаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Қўштепа туманидаги «Глобал текстиль инфинити» корхонасида тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 120 миллион евролик лойиҳа амалга оширилмоқда. Корхона тўртинчи чоракда ишга тушиб, 3 мингта янги иш ўрни яратилади, дейилади хабарда.


«Биз тўғри йўлни танлаб олдик. Бу жойларда ўз натижасини бераяпти. Фарғона вилояти 801 миллион долларлик экспорт қилган. Иш бошлаганимизда 50 миллион долларни мўлжаллар эдик. Ҳозир 1 миллиард доллар экспорт тўғрисида гаплашяпмиз. Бу — вилоят маҳсулотлари дунё бозорига рақобатбардош бўлиб кириб боряпти, дегани. Бунинг учун ақл, билим, шижоат керак. Жорий йил якуни бўйича маҳаллий бюджетда 1 триллион сўм қолиши кутиляпти», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, у вилоятда мутасаддилар иштирокида сайёр қабуллар ўтказилгани, уларда кўтарилган муаммоларнинг кўпи маҳаллий даражада эканлигига эътибор қаратди.

«Бу ерга келишдан олдин қабуллар ташкил қилдик. Аҳоли мурожаатларининг 45 фоизи жойида ҳал қилинган. Бу яхши ва биз бу амалиётни давом эттирамиз. Лекин савол туғилади: ҳоким, сектор раҳбарлари нима қилган? Бундай масъулиятсизлик, одамларни овора қилишга чек қўйиш керак», — деди давлат раҳбари.

Аҳоли ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, ҳар бир маҳалланинг ихтисослашуви ривожлантирилиши, жорий йилда 147 минг фуқаро бандлигини таъминлаш учун 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилиши айтилди.

«Ҳамма соҳада маҳалла тизимининг ролини оширяпмиз. Маҳалла халқнинг фикри дегани, халқнинг истаги дегани. Бунинг учун ҳуқуқий асос яратдик. Фарғона вилоятида 1062 та маҳалла бор. Ҳокимдан тортиб маҳалла раисигача бирлашиб, тегишли ташкилотларни жалб этиб, одамларнинг оғирини енгил қилиши керак. Фарғона бу масала бўйича ҳам намуна бўлиши керак», — дея таъкидлади у.


Давлат раҳбари маҳаллаларни ривожлантириш, ижтимоий масалаларни ҳал этишда тадбиркорлар таянч эканини таъкидлади. «Тадбиркорларга шароит яратсак, одамларга нафи тегади, ёшларни ўз ортидан эргаштиради. Тадбиркорни сийласак, у халқни сийлайди», — деди президент.

Вилоятда тадбиркорларнинг 183 та инвестиция лойиҳасини молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан қўшимча 23 миллион доллар йўналтирилади. Шунингдек, йиғилишда бош вазир ўринбосарлари ва бошқа мутасаддилар ўз тизимини қуйи бўғинда ишлатиш бўйича халққа ҳисобот берди.

Хабарда қайд этилишича, вилоятда 2022−2023 йилларда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати 31 триллион сўм бўлган 1 минг 268 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Бунда кимё, қурилиш материаллари, тўқимачилик, электротехника, чарм, фармацевтика тармоқлари «драйвер» бўлади.

Қишлоқ хўжалигида 653 та лойиҳа амалга оширилиб, 23 мингта доимий иш ўрни яратилади. Олтиариқ, Фарғона ва Бағдод туманларида 1 минг 200 гектарда интенсив боғ ва узумзорлар барпо этилиб, ташаббускорларга 10 йилда бўлиб тўлаш шарти билан ажратиб берилади.

Шунингдек, уй-жой ва йўллар қуриш, электр энергияси ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш, мактаб ва боғчаларни таъмирлаш бўйича режалар маълум қилинди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Фарғона вилояти Олтиариқ туманида ташкил этилган минг гектар адирликдаги узумчилик ва боғдорчилик плантациясини кўздан кечириб, ушбу боғ ва токзорлар аҳолига хусусийлаштириб берилиши ҳақида гапирган эди.