Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳоким ёрдамчисини пора олаётган вақтда қўлга олди, деб хабар берди «Дарё».

У Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё вилояти филиалига фельдшер бўлиб ишга жойлаштириш учун Қарши вилоятида яшовчи фуқародан 300 АҚШ долларини олган.

Ғузор тумани ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, қўлга олинган Э. Ф. бунгача вилоят бандлик бошқармаси бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган, 12 январдан бери «Жонбулок» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаб келган.

«Уни ҳоким ёрдамчиси сифатида ишга олишда аввалги иш жойидан олинган ижобий маълумотнома инобатга олинди», — дейилади хабарда.

2022 йилнинг ўтган даврида ҳоким ўринбосарлари томонидан янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, аҳоли эҳтиёжини қондириш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилгани қайд этилди.

Коррупциянинг олдини олиш мақсадида ҳоким ёрдамчилари фаолияти туман ҳокимлиги, секторлар раҳбарлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази томонидан доимий назоратга олинган, дейилади хабарда.

Мазкур лавозим эгалари билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Учрашувлар давомида улардан кафолат хатлари олинди.

Туман ҳокимлиги ҳоким ёрдамчиси Э. Ф. нинг 12 май куни 300 доллар пора олаётганликда гумонланиб қўлга олинганини тасдиқлади.

Ҳокимлик «ҳоким ёрдамчиси аввалги иш жойидаги имконияти туфайли пора олгани, ҳозирги лавозимида эса унга бундай ваколатлар берилмагани»га аниқлик киритди.

Шунингдек, «Ҳокимлик томонидан содир этилган фирибгарлик жиноятини оқламайди, балки бу жиноий ҳаракат ҳоким ёрдамчисининг фаолиятига алоқадор эмаслигини таъкидлайди», — дейилади хабарда.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.