АҚШ президенти Жо Байден Украинага енгиллаштирилган тартибда қурол юбориш имконини берувчи ленд-лиз тўғрисидаги қонунни имзолади. Бундай қонун охирги марта Иккинчи жаҳон уруши вақтида АҚШ томонидан иттифоқчиларга ёрдам юкларини юбориш учун қабул қилинган, деб ёзмоқда The New York Times.

Қонунга кўра, эндиликда АҚШ президенти тўғридан-тўғри Украинага ёки Россиянинг Украинага босқинидан жабр кўрган Шарқий Европа давлатларига қарз ёки ҳарбий қуролларни қарз ёки ижарага бериш бўйича ҳукуматга топшириқ бериши мумкин. Қонун ўртадаги катта вақт оладиган бюрократик тўсиқларни четлаб ўтишга имкон беради.

Россия Украинага бостириб кирганиданоқ, АҚШ маъмурияти Украинага фақат мудофаа учун қурол юборишни муҳокама қилган бўлса, сўнгги ҳафталардаги вазият уларни нафақат мудофаа, балки ҳужум позициясида Россияни мағлуб этиш ва ҳатто кучсизлантириш ҳақида ўйлашга ундамоқда, дейилади NYT хабарида.

Ўз навбатида, Украинага 33 млрд доллар ҳарбий ва гуманитар ёрдам беришни кўзда тутувчи мазкур дастурни Конгрессдаги демократлар яна қарийб 7 млрд долларга оширишни режалаштирмоқда. NYT манбасига кўра, республикачилар кўпроқ ҳарбий харажатлар юборишни, демократлар эса гуманитар ёрдамни ҳам тенг равишда жўнатишни ва дастур ҳажмини 39,8 миллиард долларга кўтаришни таклиф этган.

The New York Times нашри Байден ленд-лиз бўйича ҳужжатни Россияда фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабанинг 77-йиллиги нишонланадиган Ғалаба кунида имзолаганига эътибор қаратди. Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки 9 май ҳақида фикр билдираркан: «Бу кун Европада тинчлик ва бирдамлик ҳамда Иккинчи жаҳон урушида нацистларнинг мағлубиятини нишонлаш ҳақида бўлиши керак», деди. «Ва бунинг ўрнига, Путин ўзининг асоссиз урушини оқлаш учун тарихни бузмоқда, уни ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда».

Шунингдек, АҚШ вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Киевга қилган сафари чоғида Америка «ғалаба қозонмагунча Украина билан бирга бўлишини», айтди.

Маълумот ўрнида, илк маротаба 1941 йилда АҚШнинг 32-президенти Франклин Рузвельт томонидан имзолаган ленд-лиз тўғрисидаги қонун орқали Қўшма Штатларнинг урушда қатнашаётган иттифоқчиларига қурол-яроқ, нефть маҳсулотлари, тиббий воситалар ва озиқ-овқат маҳсулотларини олдиндан тўловсиз, узоқ муддатга юбора олган. Хусусан, АҚШнинг урушдаги иттифоқчиси СССРга ҳам ёрдам жўнатилган.