Андижонда банк ходими ва фермер имтиёзли кредитни талон-торож қилгани айтилмоқда. Бу «Туронбанк» АТБ Андижон филиалининг мурожаатига асосан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланди.

Банк филиали бошқарувчиси собиқ ўринбосари И.К. ва тумандаги «H.» хусусий боғдорчилик хўжалиги раҳбари Х.П. замонавий энергия тежамкор иссиқхона қуриш учун ажратилган 50 000 АҚШ доллари имтиёзли кредитни иссиқхона қурмасдан, расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиш орқали талон-торож қилганликлари аниқланди. Текширув давомида етказилган зарарнинг 20 000 доллари ундирилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни қалбакилаштириш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Чортоқ туманида банк масъул ходимлари тадбиркор билан ўзаро тил бириктириб, қуёнчилик ва чорвачилик учун ажратилган 1,3 млрд сўм имтиёзли кредит маблағини талон-торож қилганликда гумонланаётгани, Мингбулоқ туманида эса тадбиркор банкнинг собиқ мансабдор шахслари билан биргаликда фуқароларга тикувчилик учун ажратилган 143,2 млн сўм имтиёзли кредит маблағини талон-торож қилгани ҳақида ёзган эдик.