Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Чортоқ тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилди, дея хабар берди Департамент матбуот хизмати.

Унга кўра, «H.gё.», «K.T.» фермер хўжалиги ва «Ch.m.» МЧЖ раҳбарлари тумандаги тижорат банки масъул ходимлари билан ўзаро тил бириктириб, 51 нафар фуқаро номига қуёнчилик ва чорвачилик йўналишида ажратилган 1,3 млрд сўм имтиёзли кредит маблағини талон-торож қилганликлари аниқланган.

Шу каби, Мингбулоқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «Т.Ё.» МЧЖ раҳбари Э. Й. ҳудуддаги тижорат банки филиали собиқ мансабдор шахслари билан ўзаро тил бириктириб, 8 нафар фуқарога тикувчилик йўналишида ажратилган 143,2 млн сўм имтиёзли кредит маблағини МЧЖ ҳисоб-рақамига ўтказишга эришиб, фуқароларга маҳсулотлари етказиб берилмасдан, талон-торож қилганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, Андижонда «Халқ банки»нинг 13 нафар ходими 4,6 млрд сўмни ўзлаштирганликда айбланайтгани ҳақида ёзган эдик.