Президент Шавкат Мирзиёев 9 май Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.

Давлат раҳбари пойтахтдаги Олмазор туманининг «Ачаобод» маҳалласида истиқомат қилаётган уруш қатнашчиси Аббос ота Аппанов хонадонида бўлиб, уни байрам билан табриклади.

Президент Аббос Аппановга урушдан кейин Ўзбекистонга қайтиб, Тошкентдаги 139-сонли мактабда узоқ йиллар немис ва инглиз тилидан дарс берганлиги, директор бўлиб ишлаган йилларидаги хизматлари учун миннатдорчилик билдирган.

«Бутун умрингизни эришганларимизга, халқимизнинг, фарзандларимизни тарбия қилишга ҳаётингизни бағишлагансиз… Соғ-саломат бўлиб, қилган ниятларингиз амалга ошиб, буларнинг (фарзандалари ва набираларини назарда тутган — таҳр.) камолини кўриб юринг доим», — деган Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари кейинроқ яна бир уруш фахрийсининг уйида бўлган. У Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги "Махмур" маҳалласида истиқомат қилаётган Иккинчи Жаҳон уруши фахрийси Фёдор Фединни ҳам Хотира ва қадрлаш куни бишан самимий қутлаб, у билан дилдан суҳбатлашган.

Президент уруш фахрийсидан кайфияти ҳақида сўраганида, у «Кайфиятим зўр. Сиз ва кўрсатаётган ёрдамингиз, ғамхўрлигингиз учун раҳмат», — деган Фёдор Федин.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғига ташриф буюриб, у ердаги «Матонат мадҳияси» ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйди. Президент боғда қуроллик кучлар тизимига кирувчи вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан суҳбатда бўлиб Ўзбекистон халқига ўз табригини йўллади.