Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистоннинг уч фуқаросига қарши қурол ишлатган. Бу ҳақда kloop.kg нашри Қирғизистоннинг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматига асосланиб хабар берди.

Маълум бўлишича, ҳодиса 5 май куни Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасининг Жалолобод вилоятининг Ала-Бука тумани Добо-Қўрғон ҳудудидаги қисмида содир бўлган.

«48, 22 ва 24 ёшли 3 нафар қирғизистонлик яраланган. Улар Ала-Бука тумани касалхонасига етказилган ва ўша ерда ўзига келмай вафот этган», — дейилади хабарда.

Чегара хизматининг хабар беришича, икки давлат вакиллари вазиятга ойдинлик киритиш учун учрашган. Улар ички текширувлар натижаларига кўра учрашувни 6 май куни давом эттиришга келишиб олган. Воқеа юзасидан тергов давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бир ой олдин, апрель ойида Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистон ҳудудидан ноқонуний юк олиб ўтмоқчи бўлган шахсларга қарата ўқ узгани ҳақида ёзган эдик. Уларнинг икки нафари ҳалок бўлиб, қолганлари Қирғизистон ичига қочиб кирган эди.

Кейинчалик маълум бўлишича, ҳалок бўлган фуқаролар асли ўзбекистонлик бўлган, 2012 йилда Қирғизистон фуқаролигини олган. Дастлабки маълумотларга кўра, улар Ўзбекистон паспортини ўзлари билан олиб юрган.