19−20 май кунлари Тошкентдаги Hilton Tashkent City меҳмонхонасида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатларнинг туризм соҳаси мутасаддилари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтади. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тадбир Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги ШҲТ саммитига раислиги доирасида ташкил этилмоқда.

20 май куни академик ва ишбилармон доиралар, шунингдек, ташкилотга аъзо давлатларнинг туризм соҳаси вакиллари иштирокида «ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичи: туризм ва маданий мерос» номи остидаги туристик форум бўлиб ўтади. Форум иштирокчилари томонидан халқаро туризмнинг долзарб масалалари, ШҲТга аъзо давлатлар маданий меросини сақлаш ва тарғиб қилиш, шунингдек, туризм ва маданий мерос соҳасида илмий-техникавий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилади.

Йиғилишда туризм соҳалари раҳбарлари туристик саёҳатларни қайта тиклашни жадаллаштириш бўйича қўшма ташаббуслар, туризмнинг иқтисодий ўсиш мультипликатори сифатидаги ролини оширадиган янги лойиҳа ва дастурларни кўриб чиқадилар.

Бўлажак йиғилишлар кун тартибидан Туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги битим ва ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида музей иши соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум лойиҳаларини мувофиқлаштириш ҳам ўрин олган.

Эслатиб ўтамиз, ШҲТ саммити Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган.