31 декабрь куни Самарқандда Рўдакий ва Бўстонсарой кўчалари кесишмасида барпо этилган автомобиль-трамвай туннели тантанали равишда очилди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.


Фото: t.me/samvest.

Туннель қурилиши 2019 йил охирида бошланган эди. Ушбу қурилиш 2022 йилда бўлиб ўтиши режалаштирилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидан олдин шаҳар кўчаларини реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли ишлар доирасида амалга оширилди. Қурилиш сабабли чорраҳадаги транспорт қатнови тўхтатиб қўйилган эди, шу жумладан 2-рақамли «Вокзал — Сиёб бозори» трамвай қатнови ҳам.


Фото: t.me/samvest.

Ҳокимликнинг «Самарқанд овози» нашрининг маълумотларига кўра, қурилиш учун 143 млрд сўм сарфланди, бу маблағлар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилди.

ЎзА маълумот беришича, туннель шаклидаги йўл ўтказгичнинг умумий узунлиги 675 метр. Иншоотнинг эстакада қисми узунлиги 20 метр, баландлиги 5,7 метр ва кенглиги ўртача 26,3 метрни, тиргак деворларининг умумий узунлиги 551 метрни ташкил этди.

Йўлнинг икки четида ҳимоя воситаси, шовқин камайтирувчи, баландлиги 4,55 метр бўлган қисмида 900 метр узунликда тўсиқлар ўрнатилган. Пиёдалар йўлаги ва велойўлак барпо этилган.


Фото: t.me/samvest.

Очилиш маросимида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этиб, самарқандликларни туннель очилганлиги ва Янги йил билан табриклади.


Фото: t.me/samvest.

Кейин туннелдан жамоатчилик вакиллари, Ўзбекистон байроқлари билан бўлган автомобиллар ва байрамга безатилган трамвайлар ўтишди.


Фото: t.me/samvest.

Туннель ҳар бир томонга учта ҳаракатланиш йўлагига эга, улардан бири трамвай учун мўлжалланган.


Фото: Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.