Сардор Раҳимхон бошчилигида ташкил этилган «Юрак амри» хайрия фонди ўзининг Instagram саҳифасида вақтинчалик фаолиятини тўхтатганини маълум қилди.

«Биз катта хатоларнинг олдини олиш, ўзимизни ислоҳ қилиш, олдиндаги катта режаларга куч ва билим тўплаш учун, халқ ва президент олдида юзимиз доим ёруғ бўлиши учун вақтинчалик фаолиятимизни якунлашга қарор қилдик», — дейилади хабарда.

Сардор Раҳимхоннинг айтишича, бунда минглаб инсонларнинг омонатлари ҳамда эхсонлари ҳақида гап кетганда фонднинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий имкониятлари етишмаслигини ҳис қилган. Мазкур қарор ортидан яна-да кучга кириш, хатоларни ислоҳ қилиш, расмий фаолиятга тайёргарлик кўриш мақсад қилинган.

У фондга хайрия қилиш учун аталган омонатларни бошқа ишлаб турган хайрия ташкилотлари, жумладан, «Меҳрли қўллар», «Вақф» фондларига ўтказишни сўради.

Мазкур хайрия ташкилоти 2020 йилда Ўзбекистонда бошланган пандемия даврида кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат тарқатиш учун ташкил топган эди. 2022 йилнинг апрель ойида фонд «Жаннатдаги қасрлар 25+» лойиҳаси орқали 30 та хонадон қуриб, муҳтожларга топширди.