3 май куни Россиянинг Москва вилояти Митиши шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг бирида ёнғин туфайли 2 ўзбекистонлик вафот этди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси матбуот хизмати расмий маълумот берди.

Агентликнинг Москвадаги ваколатхонаси ходимлари тегишли ташкилотлар вакиллари билан тезкор алоқа ўрнатди. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин сигарета қолдиғи ўчирилмагани натижасида келиб чиққан.

Хонадон эгаси 4-қаватдан сакраб, олган жароҳати натижасида ва яна 2 нафар Ўзбекистон фуқароси лифтда ҳаво етишмаслиги натижасида вафот этган.

Ҳозирда ҳолат назоратда экани айтилди.

Маълум қилинишича, вафот этган Ўзбекистон фуқаролари Россияда расмий меҳнат фаолиятини амалга ошириб келгани сабабли уларнинг жасадлари Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ватанга қайтарилади.