Рамазон ҳайитининг биринчи куни 2 май — душанба кунига тўғри келади. Бу президентнинг Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги қарорида қайд этилган.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган қарорни инобатга олиб, мамлакатда 2022 йил 2 май куни Рамазон ҳайити байрами сифатида кенг нишонланади.

Шунга кўра, 3−4 май кунлари эса қўшимча дам олиш кунлари сифатида белгиланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Рамазон ҳайити миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтказилиши учун тегишли чора-тадбирларни амалга оширади.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги Транспорт вазирлиги билан биргаликда юртдошларимиз учун муборак Рамазон ҳайити кунларида мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларини ташкил этиш мақсадида қулай шароит ва имкониятлар яратади.