26 апрель куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистонда оилавий зўравонлик ҳолатига оид маълумотлар тақдим этилди.

Тадбирда ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи ўринбосари, полковник Умида Абдуллаева, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Баҳодиржон Қаҳҳоров, Бош прокуратура бўлим бошлиғи Ўктам Ўтаев иштирок этди.

2021 йил давомида ички ишлар органларига хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлар юзасидан 39 343 та мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг барчасига ҳимоя ордерлари расмийлаштириб берилди. Ҳимоя ордерларининг 378 таси вояга етмаган, 9861 таси ёшлар (18−30 ёш), 29104 таси 30 ёшдан катта хотин-қизларга берилган.

Ҳимоя ордерларнинг 26667 таси турмуш ўртоқлари, 1559 таси қайнионалар, 1128 таси келинлар ҳамда 9989 таси бошқа шахсларга нисбатан расмийлаштирилган.

Хотин-қизларга нисбатан қайд этилган зўравонлик ҳолатларининг 34330 таси ёки 87 фоизи оилада содир этилган.

Мурожаатларни ўрганишда 106 та жинсий, 234 та иқтисодий, 18777 та руҳий, 13658 та жисмоний зўравонлик ҳамда 7174 та тазйиқ ҳолатлар аниқланган.

Қўлланилган ҳимоя ордерлари натижада 20769 та ҳолатда оила яраштирилди, 15142 тасида низо бартараф этилди, 921 тасида оила ажрашди, 2222 та ҳолатда низо бартараф этилмади.

26 апрель куни ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси «Саҳар» гуруҳининг «Аёл» қўшиғига уйдаги зўравонлик ва унинг болалар руҳиятига салбий таъсири мавзусига бағишланган видеоклипини эълон қилди.

Клип охирида 2017 йил ҳолатига кўра, дунёда 5 ёшгача бўлган ҳар тўрт нафар боладан бири зўравон она билан яшагани ҳақида маълумот берилган.

Клип ЮНИCЕФ, Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика психологик-педагогик диагностика маркази, Nemolchi.uz зўравонликка қарши лойиҳаси ва GGC UNNO агентлиги кўмагида яратилган.