МИБ томонидан 13 ёшли болага алимент тўламаганлиги учун тақиқ қўйилгани аниқланди. Бу ҳақда Facebook`даги «Потребитель.Уз» гуруҳида маълум қилинди.

Таъкидланишича, она ўз фарзанди билан шу йилнинг 1 февраль куни Россияга аэропорт орқали чиқиб кетаётганида тўхтатиб қолинган.

«Аниқланишича, менинг вояга етмаган фарзандимга „вояга етмаган болалар учун алимент тўламаганлиги сабабли Ўзбекистондан чиқиб кетишга тақиқ“ қўйилган экан. Миробод тумани МИБ маълумотларига кўра, 2018 йилдан бери у 7,5 млн сўм алимент тўлаши керак, лекин шунга қарамасдан ушбу масала юзасидан 4 йил ичида бизни ҳеч қаерга чақиришмаган», — деб ёзади у.

Мазкур ҳолатга Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ матбуот хизмати муносабат билдирди.

Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2019 йил 18 февралдаги суд буйруғига асосан қарздор Р.А. дан ундирувчи М.Д. фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ¼ қисм миқдорида алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати Миробод туман бўлимига келиб тушган.

Ижро иши бўйича 2020 йил 9 апрель куни давлат ижрочиси Б.Алимардонов томонидан ижро харакатлари олиб борилиб, қарздордан алимент пуллари қисман ундирилиб келинган.

2022 йил 28 январга келиб, қарздорни чиқиш ҳуқуқларини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор қабул қилинган. Мазкур ижро ҳужжати юзасидан олиб борилган ижро харакатлари жараёнида техник хатолик сабабли ундирувчи М.Д.нинг вояга етмаган фарзанди А.Т. нисбатан 28 январь куни тақиқ қўйилган.

Сўнгра, қўйилган тақиқ 2 февраль куни бекор қилиниб, ижро учун тегишли идораларга юборилган.

«Ушбу ҳолатда давлат ижрочисининг масъулиятсизлиги сабабли унга нисбатан интизомий жазо қўлланилган», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, МИБ фуқаро М.Д. етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат этиши лозимлигини эслатиб ўтди.