2021 йил учун Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг Очиқлик индекси юзасидан ўтказилган мониторинг якуни бўйича тузилган рейтинг эълон қилинди. Мазкур рўйхат Ўзбекистон давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш ва мониторинг бўйича жамоатчилик кенгаши томонидан тузиб чиқилган.

Очиқлик индексида биринчи бўлиб Ўзбекистондаги барча 24 та вазирлик келтирилган. Ушбу рўйхатнинг бошида Адлия (89,22 балл, «юқори даража»), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш (87,44, «юқори») ҳамда Инновацион ривожланиш (84,16, «ўрта») вазирликлари жой олди. Энг пастки учта ўринда эса Транспорт вазирлиги (64,19), Қурилиш вазирлиги (62,93) ва Энергетика вазирлиги (60,87) «қониқарли даражада»ги баҳо билан жойлашган.


Республика бўйича 13 та давлат қўмиталари ва қўмиталар орасида Давлат солиқ қўмитаси (89,49) ва Давлат статистика қўмитаси (88,90) «юқори даражада»ги баҳолар билан, Давлат божхона қўмитаси (84,61) эса «ўрта даража»даги баҳо билан эътироф этилган. Энг пастидан биринчи бўлиб эса, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси (63,00), иккинчи бўлиб Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси (64,30) ва учинчи бўлиб эса Монополияга қарши курашиш қўмитаси (65,67) «қониқарли» баҳо билан кўрсатилган.


Ўзбекистондаги 25 агентликдан Ёшлар ишлари агентлиги иши «юқори даражада» деб баҳоланиб, биринчи (88,07), «Ўзархив» агентлиги (77,74) ва Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги (76,89) ишлари «ўрта даражада» сифатида ундан кейинги ўринларда кўрсатилган. Рейтингда очиқлик борасида иши «паст даражада» деб баҳоланган агентликлар сифатида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги (32,98), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги (31,40), шунингдек «Ўзчорванасл» агентлиги (11,36) кўрсатилган.


Республикадаги 9 та марказларнинг очиқлиги эса «ўрта даражада»ги баҳо билан бошланиб, биринчи учликда Давлат тест маркази (83,32), Ислом цивилизацияси маркази (81,07) ва Республика Маънавият ва марифат маркази (78,16) жойлашган. Очиқлик даражаси «паст даражада» деб баҳоланган марказларга Фанлар академияси (52,48), Фанлар академияси қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази (34,86) ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази (31,09) киритилган.


Ўзбекистондаги 14 да маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан Самарқанд вилояти ҳокимлиги биринчи (83,83), Наманган вилояти ҳокимлиги иккинчи 79,32 ва Хоразм вилояти ҳокимлиги учинчи (72,38) ўринни эгаллаб рейтингда «ўрта даража»даги баҳо билан баҳоланган. Сўнгги учта ўринда эса «қониқарли даражада»ги баҳо билан Навоий (58,65), Қашқадарё (57,63) ва Андижон вилоятлари ҳокимликлари (56,88) кўрсатилган.