Марказий банк 25 мартдан сўмнинг хорижий валюталарга нисбатан курсини белгилади. Унга кўра:

  • 1 АҚШ доллари 25,68 сўмга арзонлади ва 11 483,38 сўмни ташкил этмоқда;
  • 1 Евро 107,63 сўмга пасайди ва 12 618,52 сўм деб баҳоланди;
  • 1 Рубль 5,46 сўмга кўтарилди ва 118,85 сўмга тенг бўлди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров 24 март куни эрталаб биржасидаги илк савдоларда доллар курси ўртача 20 сўмга арзонлаб, 11490 сўмни ташкил этганлигини таъкидлади.

«Тижорат банкларига чакана операциялар бўйича валюта курсларини белгилашда валюта биржасида колл аукцион натижасида шаклланган валюта курсидан фойдаланиш имконияти берилган. Демак яқин дақиқаларда айирбошлаш шохобчаларида доллар бироз арзонлашади», — деб ёзганди у.

23 март куни президент раислигида бўлиб ўтган йиғилишди Марказий банкка ташқи валюта бозоридаги ноаниқ вазиятни инобатга олган ҳолда, ички валюта бозори барқарорлиги ва алмашув курси мослашувчанлигини таъминлашда «эҳтиёткорона ёндашувни» қўллаб бориш муҳимлиги кўрсатиб ўтилган эди.