Ижтимоий тармоқда Самарқанд шаҳридаги «Golden Kids» хусусий болалар боғчасида болаларга игна тиқиб, азоб берган тарбиячи ҳақида хабарлар тарқалди.

Унда айтилишича, тарбиячи болаларни ухлатиш ва уларга ўз гапини ўтказиш учун уларга игна тиқиб, қўрқитган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ Тергов бўлимининг ўрганишларига кўра, ушбу ҳолатни «Golden Kids» хусусий болалар боғчасида ишловчи 1992 йилда туғилган пастдарғомлик тарбиячи аёл вояга етмаган болаларга нисбатан содир этганлиги аниқланди, дейилади вилоят ИИБ хабарида.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а», «в» бандлари (вояга етмаган ёки ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсни муттасил равишда дўппослаш ёки бошқача ҳаракатлар билан қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов харакатлари олиб борилмоқда.

Вилоят Мактабгача таълим бошқармаси ҳолатга муносабат билдириб, ўрганиш ишлари олиб борилаётганини, кейинроқ батафсил маълумот берилишини таъкидлади.