«Ташқи ишлар вазири А. Камиловга Ўзбекистон фуқаролари учун ҳорижда консулликлар орқали паспорт, сертификат олишдаги тўловларнинг юқорилиги юзасидан „депутатлик сўрови“ киритдим», — деб ёзди Олий Мажлис Қонунчилик паталаси депутати Расул Кушербаев.

Депутат сўровида тўловларнинг юқорилигини асослаш ва келгусида пасайтириш чораларини кўриш сўралган.

Кушербаевнинг таъкидлашича, «бу борада Марказий Осиёда Ўзбекистон фуқаролари учун энг юқори нархларни белгилаган» ва бу мигрантларга «қийинчилик туғдирмоқда».

Шунингдек депутат тўловлар ўртасидаги фарқларни келтириб, ҳорижда консулликлар орқали паспорт олиш қанча АҚШ долларига тушишини ёзган. Унга кўра:

  • Қирғизистон фуқароларига 10 доллар;
  • Қозоғистон фуқароларига 30 доллар;
  • Туркманистон фуқароларига 33 доллар;
  • Тожикистон фуқароларига 100 доллар;
  • Ўзбекистон фуқароларига 170 доллар.

«Ҳар доимгидек нарх қимматлиги борасида Ўзбекистон етакчи. Бироқ бу нархлар нима асосга кўра, қайси критерийлар бўйича белгиланган», дея савол қўяди Қонунчилик палатаси депутати ва ташқи ишлар вазири буни «асослаб бериши керак», — дейди.

Бундан ташқари, «агар Ўзбекистон фуқароси ҳорижда паспорт олиш муддатини ўтказиб юборган бўлса, ҳар йил учун 50 доллардан тўлов қилиши, паспорт йўқотилса, қўшимча 70 доллар, паспорт яроқсиз ҳолга келиб қолса, қўшимча 50 доллар тўлаши керак», — дея қўшимча қилади у.

Шунингдек, депутат паспортини йўқотиб қўйган фуқаро ватанига қайтиш учун сертификат олиши кераклигини ва ушбу ҳужжат учун тўлов ҳам бошқа давлатларга нисбатан қимматроқ эканини айтган.

Масалан, тўловларни:

  • Қозоғистон 7,5 доллар;
  • Тожикистон 10 доллар;
  • Қирғизистон 10 доллар;
  • Туркманистон 34 доллар;
  • Ўзбекистон 55 доллар этиб белгилаган.

«Парламент назорати тўғрисида»ги Қонунга кўра, депутатлик сўровига вазир томонидан 10 кун ичида жавоб берилиши шарт, — дейди Кушербаев.