16 март куни президент Шавкат Мирзиёев Давлат солиқ қўмитасида солиқ маъмурчилигини ислоҳ қилиш ва соҳага ахборот технологияларини кенг жорий этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди, дея хабар берди «Микрофон кўтарган аёл» Telegram-канали.

«Бугунги солиқчилар 3 йил олдинги солиқчилар эмас. Замон ҳам ўзгарди, булар ҳам ўзгарди: 5 йилда биз мутлақо янги солиқ тизимини яратдик. 2020 йилда кўп муҳокамалардан сўнг, биз бугунги Ўзбекистонимизга муносиб бўлган янги Солиқ Кодексини қабул қилдик. 13 тадан 9 тага солиқ турлари камайтирилди. Мулк солиғи 5 фоиздан 1,5 фоизга тушди. ҚҚС 20 фоиздан 15 фоизга тушди. 2023 йил 12 фоизга туширишимиз керак. Бунинг учун кўп иш қилишимиз керак. Одамлар қачон биздан рози бўлади? Солиқ юки камайиб, даромадларимиз ошиб борса, рози бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев солиқ кўрсаткичлари, соҳадаги ўзгаришлар ҳақида ахборот берди. Шунингдек, у фуқароларга қайтарилаётган кешбэк тизимини реал вақт режими ва реал чекда давлат раҳбарига кўрсатиб берди.

«Шу пайтгача фақат солиқчи солиқ йиққан. Тарихда биринчи марта сизнинг қарорингиз билан, январь ойидан бошлаб, одамларга кешбэк қилиб қайтариб беряпмиз. Фуқаролар дўкондан олган чекини мобиль илова орқали QR-кодини сканерлаганидан сўнг, чек тизимга муваффақиятли қабул қилинади. Агар чек 52 минг сўмга урилган бўлса, 520 сўм фуқаронинг ҳамёнига тушади. Яъни, 1 фоизи қайтарилади. Одамлар энди чекни сотувчилардан ўзи талаб қилиб оляпти. Январь ойининг ўзи учун 25 миллиард сўмдан зиёд кешбэк урилган. Рад этилган чеклар ҳам бор. Агар чекларда маҳсулотнинг идентификация номери нотўғри киритилган бўлса, тизим қабул қилмайди. Бу орқали харидор кейин ўша дўконга кирмайди, ёки чек ёзган сотувчига савол беришга одатланади», — дея шарҳлади Шерзод Кудбиев.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги ҳар бир касса энди QR-коди бўлган чек бериши керак. Агар улар бундай чек бермаса, ёки пластикка савдо қилишни истамаса, дўконда тортишиб ўтирмасдан, харидор «Солиқ ҳамкор» тизими орқали ушбу тадбиркорлик субъекти ҳақида хабар бериши мумкин.

Давлат раҳбари тадбиркор янгича солиқ ҳисоботини, ўзгаришларни билмаган тақдирда, унга жазо бериш керак эмаслигини, тўғри йўлни ўргатиш, ишонтириш кераклигини таъкидлади.

«Фақат биз тўғри қиляпмиз, деб юришимиз нотўғри. Нега энди одамлар норози бўляпти деб улардан хафа бўлишимиз керак? Энг катта муаммоингиз — тушунтириб бермаганингиз. Бу нотўғри. Солиқ органидаги барча даражадаги раҳбарлар тадбиркорлар, одамлар билан тез-тез учрашиб, муаммоларини эшитиши, тушунмовчиликларнинг олдини олиши, ижтимоий тармоқларда, ОАВда керакли ахборотни бериши, ўргатиши ва яқин кўмакчиси бўлиши керак», — деди давлат раҳбари.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев солиқ тизимида ишлаётган 200 нафар мутахассисни Туркия, Жанубий Корея ва бошқа давлатларда ўқитиш ҳамда малакасини ошириш бўйича тезроқ рўйхатни шакллантириш ҳақида топшириқ берди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Газета.uz» харид чекини рўйхатдан ўтказиш ва кешбэк олиш бўйича қўлланма тайёрлаган эди.