2022 йилнинг январь-февраль ойларида мамлакат бўйича тез тиббий ёрдам хизматига жами 2 млн 42 мингдан ортиқ чақириқ келиб тушди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Таққослаш учун, 2021 йилда ушбу кўрсаткич 1 млн 764 мингдан ортиқни ташкил этган.

Қайд этилишича, энг кўп мурожаат Фарғона (236 393 та), Андижон (216 359 та), Тошкент шаҳри (213 315 та) ҳамда Тошкент вилоятида (206 134 та) кузатилган. Энг кам чақириқ эса Жиззах (79 449 та), Сирдарё (70 522 та) ҳамда Навоий вилояти (62 639 та) ҳиссасига тўғри келди.

2022 йилнинг илк икки ойи давомида энг кўп кунлик чақириқлар сони 16 январга тўғри келиб, шу куни Республика тез тиббий ёрдам хизматига бўлган жами мурожаатлар сони 46 минг 613 тани ташкил этди. Энг кам кунлик чақириқ эса 2022 йил 17 февралда қайд этилиб, мазкур санада «103» хизмати жами 28 минг 960 та чақириқни қабул қилди.

ССВнинг маълум қилишича, тез тиббий ёрдам хизматидаги реанимобил машиналар сони бугунги кунга келиб, 442 тага етди. Бу, ўз навбатида, тизимнинг оперативлиги, натижадорлиги ҳамда тиббий хизмат сифатининг янада яхшиланишига хизмат қилаётгани айтилди.

Эслатиб ўтамиз, январь ойининг дастлабки 10 кунида республикада «Тез ёрдам»га қарийб 350 мингта мурожаат келиб тушган.