9 март куни Украинадан Польшанинг Катовице аэропорти орқали 245 нафар Ўзбекистон фуқароси, шу жумладан 35 нафар аёл, 20 нафар вояга етгаман шахс ва 3 нафар чақалоқ олиб келинди. Бу ҳақда ТИВ расмий вакили Юсуп Кабулжанов хабар қилди.

Унинг қайд этишича, 28 февралдан 10 мартга қадар 22 та авиарейс ташкиллаштирилди ҳамда ҳарбий ҳаракатлар кечаётган ҳудудлардан 5282 нафар фуқаро қайтарилди.

«Молдова Республикаси ҳудудида бўлган 94 нафар фуқаро Ўзбекистон дипломатлари ҳамроҳлигида Молдова-Руминия чегарасини кесиб ўтди. Уларни махсус рейс билан Бухарест аэропортидан эвакуация қилиш режалаштирилган», — дейилади хабарда.

3 март куни ТИВ Украинанинг Молдова билан чегарадош жойларида яшовчи 200 га яқин ўзбекистонликлар бошпана излаб Молдова ҳудудига ўтгани маълум қилган эди. Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси Молдовада бўлиб турган ватандошлар масалаларини мувофиқлаштириш ва ҳал қилиш мақсадида кўнгиллилар гуруҳини йиққан.