Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасига Украина ҳудудидан Россияга халқаро автомобиль назорат пунктлари (ХАНП) орқали чиқиб кета олмаётган юк ташувчи ўзбекистонликлар мурожаат қилмоқда. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.

Мурожаатлар асосида рўйхатлар тузилиб, Россия ТИВга Украина-Россия давлатлараро чегарасида ХАНП орқали транспорт воситаларининг ўтишига ёрдам бериш сўрови билан расмий равишда мурожаат қилинмоқда. Бир вақтнинг ўзида Россия Мудофаа вазирлиги билан ҳам иш олиб борилмоқда.

Айни пайтда, Россия томони кўмагида ўзбекистонлик 12 нафар автоташувчи мамлакатга киритилган. Уларнинг 8 нафари Украинанинг Суми вилоятида, 3 та автомобиль Харьков вилоятида, 1 та автотранспорт Россия чегарасидан Украинага ўтувчи «Нехотеевка» нейтрал ҳудудининг назорат ўтказиш пунктида бўлган.

«5 нафар Ўзбекистон фуқароси Украина ҳудудида, чегара чизиғидан узоқроқ масофада, 4 та юк машинасида бўлиб турибди. Вазият барқарорлашиб, хавфсиз ўтиш имконияти юзага келгач, уларнинг чегарага етиб келиши кутилмоқда», — дейилади хабарда.

Фуқаро зарурат туғилганда элчихона ва бош консулхонанинг ишонч телефонларига мурожаат қилиши мумкин:

  • Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси: +7 499 230-00-76, +7 499 230-00-32;
  • Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхона: +7 988 586-59-82, +7 918 554-04-76, +7 988 586-70-35, +7 988 586-59-82.

Эслатиб ўтамиз, Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон фуқароларини Украинадан эвакуация қилиш бўйича 24 соат давомида фаолият юритаётган Тезкор штаб ва 1164 қисқа рақамли колл-марказ фаолият кўрсатмоқда. Ушбу масала бўйича ТИВнинг @Miduzbshtab ҳаволаси орқали ҳам боғланиш мумкин.