Европада биржа савдоларида газ нархи илк бор минг кубометри учун 3950 долларгача кўтарилди. Бу ҳақда РИА Новости Лондоннинг ICE биржаси маълумотларига таяниб хабар қилди.

Савдолар бошида TTF индекси бўйича апрель фьючерслари қиймати минг кубометр газ учун 2366,8 долларга етган. Сўнгра нарх кескин кўтарилиб, 13:30 да 3950 долларлик чўққига чиқди. Нархлар жума кунидаги 2170,2 долларлик қийматдан 79 фоизга ошди.

Бироқ бир соат ичида нархлар 1000 долларга тушиб, 2900 долларлик даражага келди. Айни пайтда эса минг кубометри учун нархлар 2818 доллар атрофидани ташкил этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган 24 февралдан аввал Европада газ нархи 800−1030 доллар атрофида эди.

Шу билан бирга, АҚШнинг Россиядан нефть импортини тақиқлаши мумкинлиги сабабли Brent нефти нархи ҳам кескин кўтарилиб, 2008 йилдан буён илк бор баррели учун қарийб 140 долларга етди.