Сариосиё туманидаги Алишер Навоий маҳалласида яшовчи фуқаролар Тўпаланг дарёси қирғоғидан кўп миқдорда мис тангалар топиб олди, дея хабар берди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси.

«Олимлар мазкур ашёлар ҳозиргача ватанимиз ҳудудидан топилган Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврида зарб эттирилган пул тангаларининг энг катта ва яхши сақланган хазинаси эканлигини таъкидлашмоқда», — дейилади маълумотда.

Таъкидланишича, қадимий тангаларнинг бир томонида олти қиррали юлдуз ва олти япроқли гул зарб қилинган бўлиб, бу ҳукмдорнинг буюк астроном ва математиклиги туфайли киритилган белгилар ҳисобланади.

Шунингдек, тангаларнинг реверсида, яъни бет тарафида «Самарқанд», «Адлийя» сўзлари, ҳижрий 823 (милодий 1420 йил), 832 (милодий 1428 йил) каби зарб қилинган йиллари акс этган.