3 март куни Украина ва Россия делегациялари Беларуснинг Беловежская Пуша шаҳрида музокараларнинг иккинчи раундини ўтказди. Томонлар тинч аҳолини эвакуация қилиш ва жанг майдонларига дори-дармонларни етказиб бериш учун гуманитар йўлакларни ташкил этишга келишиб олди.

Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подолякнинг айтишича, музокараларнинг иккинчи босқичи натижалари улар кутган натижаларни бермаган.

Унинг сўзларига кўра, Россия ва Украина бир қатор гуманитар масалаларни «етарлича батафсил муҳокама қилган».

«Томонлар тинч аҳолини эвакуация қилиш, шунингдек, энг шиддатли жанглар бўлган жойларга улар бўлиб турган секторларда эвакуация амалга ошириладиган муддатда ўқ отишни вақтинча тўхтатиб туриш имконияти билан дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун гуманитар йўлакларни ташкил этиш ҳақидаги тушунувга эришдилар», — деди Подоляк расмий баёнотга ҳавола қилган ҳолда.

«Ҳамма жойда эмас, балки фақат гуманитар коридорларнинг ўзи ўрнашган жойларда эвакуация пайтида ўт очишни тўхтатиш мумкин бўлади. Шу мақсадда жуда яқин келажакда алоқа ва ўзаро ҳамкорликнинг махсус каналлари ташкил этилади ва тегишли логистика тартиблари шакллантирилади», — деди у.

Шунингдек, Украина президенти девони вакили томонлар музокараларни келаси ҳафта бошида учинчи раундда давом эттиришини айтди.

Россия президенти ёрдамчиси Владимир Мединский Россия ва Украина аҳолининг чиқиб кетиши учун гуманитар йўлаклар ва «тинч аҳоли чиқиши даврида гуманитар йўлак секторида ҳарбий ҳаракатларни вақтинча тўхтатиш» бўйича келишиб олганини тасдиқлади.

У Украина делегацияси билан музокараларда эришилган келишувларни «сезиларли ўсиш» деб атади.

«Россия Федерацияси шундай вазиятга тушиб қолган тинч аҳолини, агар жанговар ҳаракатлар давом этса, ушбу гуманитар йўлаклардан фойдаланишга ёки ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш учун қўлидан келганини қилишга чақиради», — деди Мединский.

Россия делегацияси аъзоси Леонид Слуцкий Украина билан келишувлар парламент саъй-ҳаракатларини, жумладан, ратификация қилишни талаб қилиши мумкинлигини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги келишувлар яқин келажакда энг юқори даражада мустаҳкамланади.