2 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилди.

Қуйи палата матбуот хизмати хабар беришича, ҳужжат иккинчи ва учинчи ўқишда маъқулланиб, Сенатга юборилди.

«Қонун лойиҳасининг муҳимлиги шундаки, у билан Ўзбекистон давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият идораларида меҳнат қилаётган 120 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти, уларнинг мақоми ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, давлат фуқаролик хизматига кириш ҳамда ушбу тизимда коррупция ва манфаатлар тўқнашувини олдини олишга оид муносабатлар тартибга солиш кўзда тутилмоқда», — деб ёзади депутат Дониёр Ғаниев.

Эндиликда ваколатли орган — Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (АРГОС) томонидан давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри юритилади ҳамда реестрга киритилган лавозимларга давлат хизматчилари очиқ танлов асосида тайинланади.

Реестрга киритилган давлат фуқаролик лавозимлари гуруҳ ва тоифаларга ажратилиб, давлат хизматчисига унинг лавозим гуруҳи ва тоифасидан келиб чиқиб, малака даражалари (ЧИН — давлат хизматчисининг расмий мавқеи даражаси) берилади.

Ваколатли давлат органи томонидан давлат хизматчиси фаолиятини баҳолашнинг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари ишлаб чиқилади ҳамда давлат хизматчисининг муносиб рағбатлантирилиши ва хизмат поғонасида кўтарилиши ана шу баҳолаш тизими натижалари асосида таъминланади.

Бундан ташқари, қонун билан давлат хизматчисига ўзининг даромади ва мол-мулки тўғрисида декларация топшириш (декларация топшириш тартиби ва муддати алоҳида қонун билан белгиланади), ўз хизмат фаолиятига ташқи таъсирлар олдини олиш ҳамда ўз ваколатидан фойдаланган ҳолда жисмоний ва юридик шахслар фаолиятига ноқонуний таъсир ўтказмаслик мажбуриятлари юкланмоқда.

Ҳужжатда шунингдек, давлат фуқаролик хизматчисига қуйидаги тақиқлар қўйилмоқда:

  • ўзаро яқин қариндошлик ёки қуда-андачиликда бўлган шахслар бевосита бўйсунув ва назорати остидаги давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш;
  • педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланиш;
  • тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ёки тадбиркорлик фаолияти ташкил этиб, унинг муассиси бўлиш;
  • ўз мавқеидан фойдаланиб ёки ўз хизмат вазифасини бажариш эвазига жисмоний ва юридик шахслардан ҳар қандай турдаги мукофот ёки совға олиш;
  • чет эл фуқаролигига эга бўлиш;
  • республика ҳудудидан ташқарида банк ҳисобварақлари очиш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эгалик қилиш.

Депутат Дониёр Ғаниевнинг фикрича, мазкур қонун қабул қилиниб, ижрога қаратилиши мамлакатда давлат фуқаролик хизматлари сифатини тубдан ислоҳ қилишга, тизимда коррупция ва манфаатлар тўқнашувини камайтиришга, шунингдек ахоли орасида давлат хизматчиси лавозимининг жозибасини ошириб, истеъдодли ва муносиб фуқароларга давлат хизматчиси лавозимларига кириш учун тенг имкониятлар яратилади.