Ўзгидромет 28 февралдан 4 мартга қадар республикада кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.

Унга кўра, бугун Ўзбекистон ҳудудига Кавказ ҳудудларидан нам ҳаво массаси кириб келиши ҳисобига республика бўйича баъзи жойларда ёмғир, тоғли ҳуддуларда эса қор ёғиши кутилади. Фақат Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати +13…+18 даража илиқ атрофида бўлади.

1 март куни республика ҳудудининг катта қисмида кучсиз ёмғир ёғиши давом этиши кутилмоқда. Республиканинг шимолида ёғингарчилик тўхтайди.

2 март куни нам ҳаво массаси шарққа томон силжийди, фақат Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида кечаси ва эрталаб ёмғир ёғиши сақланиб туради. Ушбу кунда кундузи ҳаво ҳарорати булутли бўлади ва +12…+17 даража илиқдан юқори бўлмайди.

Ҳафтанинг иккинчи ярмидан Ўзбекистон ҳудудига Эрон ҳудудларидан жуда илиқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Бунинг натижасида ёғингарчиликсиз жуда илиқ об-ҳаво бўлади. Ҳаво ҳарорати кундуз кунлари +18…+23 даража илиқгача, жанубда ва чўл ҳудудларида +25…+27 даража илиқгача кўтарилади. Бу иқлимий меъёрларидан +10…+12 даражага юқори ҳисобланади. Жуда илиқ ҳавонинг шиддатли кириб келиши 4 март куни шамол тезлигининг 15−20 м/с гача кучайишига сабаб бўлиши мумкин.

28 февраль куни эса республиканинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи бор.