Россиядан Ўзбекистонга олиб келинаётган 7 та цистерна бензинни ўғрилаган шахсларга жиноят иши очилди, деб хабар берди Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти.

Таъкидланишича, Россиянинг Орск шаҳри нефтни қайта ишлаш заводидан Тошкент шаҳрининг Сирғали 5-даҳасида жойлашган «Carpe Diem Energy» МЧЖ хорижий корхонасига АИ-95 маркали бензин юкланган 7 та цистерна вагонлар юборилган.

30 январь куни фуқаро Б.С Ш. Д., Д.И. ва бошқа шахслар билан ушбу вагондаги махсулотларни ўғрилашгани айтилмоқда.

Бунинг учун улар вагонларнинг тепа қисмидаги люкига ўрнатилган тамғаларни кесиб ташлаб, ўз бошқарувларидаги нефтни ташишга мўлжалланган транспорт воситаларига юклаб, олиб кетишган, дейилади хабарда.

Мазкур холат юзасидан Б.С ва бошқаларга нисбатан Тергов бошқармаси ЎМИБ терговчиси майор А.Х.Эргашев ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатган. Мазкур моддага мувофиқ, гумондорлар 8 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Дастлабки тергов харакатлари давом этмоқда.