18 февраль куни соат 20:30 ларда Навоий шаҳридаги «Янги ҳаёт» савдо мажмуасида фуқаро ва 3 ёшли набира эскалатордан қулаб тушди. Бу ҳақда Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси маълумот берди.

Маълум бўлишича, Кармана туманида яшовчи, 1969 йилда туғилган Ш. Т. 3 ёшли набираси А.С. билан «Янги ҳаёт» савдо мажмуасига борган. Улар савдо мажмуасининг 5 ва 4-қават оралиғидаги эскалаторда мувозанатни йўқотиб, 1-қаватга тушиб кетган.

Фуқаро Ш. Т. воқеа жойида вафот этган. Тан жароҳати олган А.С. эса вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказига ётқизилган.

Навоий вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази реанимация бўлими бошлиғининг «Газета.uz»га маълум қилишича, бола 3 ёш-у 4 ойлик бўлган ва ҳозирда у реанимация бўлимида. Унга оғир қўшма жароҳат, хусусан бош мия ёпиқ жароҳати, унинг лат ейиши, чаноқ суякларининг ўнг томонлама синиши билан ташҳис қўйилган. Шунингдек, унда пешона соҳаси тери ости гемотомаси ҳамда посттравматик шокнинг оғир даражаси қайд этилган. Реанимация бўлими бошлиғининг сўзларига кўра, боланинг аҳволи оғир, эс-ҳуши карахтлашган, бугун, 19 февраль МРТ ва бошқа барча текширувлар ўтказилган. Стандартлар бўйича барча муолажалар олиб борилаяпти.

Ҳолат юзасидан Навоий шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари кетмоқда.