Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаcида 623 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлик ҳолатлари аниқланди, дея хабар қилди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Ушбу шохобча Frozen Gas МЧЖга тегишли экани айтилди. Ёқилғи қуйиш шохобчасида истеъмол қилинган табиий газнинг ҳақиқий кўрсаткичларини камайтириш мақсадида электрон газ ҳисоблаш ускунаси таркибий қисмларига таъсир ўтказилгани аниқланди.

Текширув шуни кўрсатдики, корхона томонидан 623 минг куб метр газдан ноқонуний фойдаланилган, бу 35 минг хонадоннинг бир кунлик истеъмоли учун етарли бўлиши маълум қилинди.

Ҳолат юзасидан, қонун доирасида чора кўрилишини таъминлаш мақсадида тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юбориш учун жамланмоқда, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввлроқ Ўзтрансгаз" республикада кузатилган совуқ об-ҳаво туфайли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида чекловлар жорий этилишини маълум қилганди. Жумладан, Фарғона водийсидаги АГТКШлар фаолияти 18 февраль куни 14:00 дан 19 февраль 06:00 гача вақтинча тўхтатилди.