Яшнобод ва Шайхонтоҳур туманларида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотаётган дорихоналар фаолияти фош этилди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Хабарда айтилишича, Департамент ҳамда ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармалари томонидан Яшнобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда, «A.F.» МЧЖга қарашли дорихона сотувчиси Д.Я. харидорга 2 дона «Зардекс» номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини 40 минг сўмга сотган вақтида ушланган.

Ушбу дорихонадан тегишли ҳужжатлари бўлмаган 81 дона «Зардекс», 57 дона «Тебантин» ва 20 дона «Карбамазепин» номли дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Бундан ташқари, департаментнинг Шайхонтоҳур туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, «Ph.B.» МЧЖга раҳбари Д.Ю. МЧЖга дорихонасида махсус харидорга 12 дона «Регапен» номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини 300 минг сўмга сотган вақтида ушланиб, ушбу дорихонадан тегишли ҳужжатлари бўлмаган 1 192 дона «Регапен» номли дори воситалари мавжудлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186−3-моддаси (таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, дейилади хабарда.