АҚШ Россиядан хавфсизлик чоралари бўйича жавобни қабул қилди

Қўшма Штатлар Россиядан хавфсизлик масалалари бўйича ўз таклифларига жавоб олди, у пайшанба куни Москвадаги Америка дипломатик миссияси раҳбари Жон Салливанга топширилди, деб хабар қилди РИА Новости.

«Россия Федерациясидан жавоб олганимизни тасдиқлашимиз мумкин. У бугун Москвадаги элчи Жон Салливанга топширилди», — дея таъкидлаган америкалик дипломат.

Салливан куннинг бошида Россия Ташқи ишлар вазирлиги биносига ташриф буюрди. У ерда 15 дақиқага яқин тургач, дипломат журналистлар билан гаплашмай, Россия дипломатик идорасидан чиқиб кетган.


Донбассда сукунат режимини бузиш ҳолатлари кескин ошди

Украина Мудофаа вазирлиги 17 февраль куни Донбассда сукунат режимини бузиш ҳолатлари кескин ортганини маълум қилди.

Ҳудуд бўйича ҳисоботга кўра, Украина вақти билан соат 11:00 ҳолатига кўра, сукунат режимини 29 ҳолатда бузилиши қайд этилган, улардан 27 таси Минск келишувларида тақиқланган қуроллардан фойдаланиш билан боғлиқ экани айтилди. Бир кун аввал бир вақтнинг ўзида 4 та шундай ҳолат кузатилган.

«Россия қўшинлари Луганск вилоятидаги Луганская қишлоғини ўққа тутди. Террорчилар 122 мм калибрли оғир артиллерия қуролларидан 32 та снаряд отган. Оқибатда болалар бўлган боғча биноси шикастланган», — деди ҳарбийлар.

«Коммунал инфратузилма ҳам шикастланган — аҳоли пунктининг ярми электрсиз қолган», — дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Дастлабки маълумотларга кўра, отишма натижасида боғчанинг уч нафар ходими снаряд зарбасини қабул қилган. Ҳарбийлар тезда болалар ва тарбиячиларни бошпанага эвакуация қилган.


Бразилияда кўчки оқибатида 94 киши ҳалок бўлди

Бразилиянинг Петрополис муниципалитетида кучли ёғингарчилик натижасида юзага келган кўчки ва сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 94 кишига етди. Бу ҳақда Globo телеканали хабар берди.

Хабарда айтилишича, ҳалок бўлганларнинг 8 нафари вояга етмаганлар экани айтилди. Айни вақтга қадар қутқарувчилар вайроналар остидан 24 кишини чиқариб олишган, яна 35 кишини қидириш ишлари давом этаётгани айтилди. Қидирув ишларига 400 нафар қутқарувчи, 200 нафар полициячи, шунингдек, ҳарбийлар ва волонтёрлар жалб қилинган.

«Бу шаҳарда 1932 йилдан буён кузатилган энг кучли ёмғир бўлди», — деди Рио-де-Жанейро штати губернатори Калудиу Кастру.


«Толибон» армиядаги аскарлар сонини 150 мингга кишига етказмоқчи

Афғонистон Мудофаа вазирлиги 150 минг кишилик янги армия қуришни режалаштирмоқда, унга тажрибали ҳарбийлар ҳам жалб этилади. Бу ҳақда толиблар мудофаа вазирининг матбуот котиби Иноятулло Хоразмий Bakhtar News Agency берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Бундай армияни ташкил этиш учун тажрибали ҳарбийлар керак ва Миллий Мудофаа вазирлиги янги армияга тажрибали ҳарбий зобитларни жалб қилишни режалаштирмоқда», — деди Иноятулло Хоразмий.

Шунингдек, у Миллий мудофаа кучлари махсус формага эга бўлишини ва бундай формани ишлаб чиқариш бўйича ишлар олиб борилаётганини айтди.

Хоразмий аввалги тузум қулаган пайтда мамлакатдан олиб чиқилган ҳарбий техника бўйича «қатор қўшни давлатлар билан бу борада мулоқотлар давом этаётганини» маълум қилди.

Global Firepower маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳарбий хизматчиларнинг умумий сони 65 минг нафарни (Жаҳон банкининг 2018 йилдаги маълумотларига кўра — 68 минг нафар) ташкил этади. Таққослаш учун: Қозоғистонда — 77 минг, Қирғизистонда — 22 минг, Тожикистонда — 15 минг ҳарбий хизматчи мавжуд.


Туркманистон президентлигига иккинчи номзод маълум қилинди

Туркманистон пойтахти Ашхободдаги Қишлоқ хўжалиги мажмуаси биносида мамлакат Аграр партиясининг навбатдан ташқари, IV съезди бўлиб ўтди, унинг кун тартибида Туркманистон Президентлигига номзод кўрсатиш масаласи кўрилди. Бу ҳақда Туркманистоннинг «Золотой век» нашри хабар берди.

Мари вилояти ҳокими ўринбосари, Туркманистон Аграр партияси вакили Агаджан Бекмирадовни давлат раҳбари лавозимига номзод сифатида кўрсатиш таклифи кўриб чиқилди ва тасдиқланди.


Бельгияда тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтилиши мумкин

Бельгия ҳукумати фуқароларга ҳафтасига беш кун эмас, тўрт кун ишлаш имконини берувчи меҳнат қонунчилиги ислоҳотини эълон қилди, дея хабар берди Reuters.

Ишчиларга бир кун камроқ ишлашга рухсат берувчи бошқа мамлакатлар ва компаниялардан фарқли ўлароқ, Бельгия ҳукумати ўз фуқароларига фақат иш сменасини ошириш орқали қўшимча дам олиш куни беришга тайёр эканини маълум қилди. Бельгияда стандарт иш ҳафтасига 38 соатни ташкил қилади — бу соатларда одамлар ишлаши керак бўлади, шунинг учун уларнинг сменалари анъанавий саккиз соатдан ўн соатга ошади.

Бироқ иш ҳафтасини қисқартириш бўйича бундай шартлар ҳали ҳам ҳукумат коалициясининг дастлабки келишуви бўлиб, у ҳали қонун лойиҳаси сифатида расмийлаштирилмаган ва кейин тасдиқлаш жараёнидан ўтади.

Бундан ташқари, ушбу форматдаги тўрт кунлик иш ҳафтаси тажриба тариқасида жорий этилади — фақат унда иштирок этишни хоҳловчи ходимлар қатнашиши мумкин. Бундай ҳолда улар касаба уюшмаси орқали иш берувчининг розилигини олишлари керак бўлади. Агар иш берувчи рози бўлса, ишчиларга олти ой давомида янги жадвал бўйича ишлаш имконияти берилади. Фақатгина ушбу синов муддатидан сўнг улар ҳафтада тўрт кун ишлашни давом эттиришлари ёки анъанавий режимга қайтишлари мумкин бўлади.