«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига асосан, тизимдаги корхоналарда молиявий ва комплаенс назорати йўналишида коррупция, иқтисодий жиноятларга қарши курашишга, уларнинг келгусида йўл қўйилишини олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларда «Бухоро нефть базаси» МЧЖда 2021 йил якуни бўйича жами 22 млрд 58 млн сўмлик хато-камчиликлар аниқланди, деб хабар бермоқда «Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, нефть базасида ўтказилаётган ўрганишлар жараёнида юқорида келтирилган қонунбузилишларга қўшимча равишда яна 5 млрд 506 млн сўмлик манфаатлар тўқнашуви, қариндош уруғчилик ва бошқа турли хато ва камчиликлар, шундан 3 млрд 465 млн сўм маблағларни талон-тарож қилиш ҳолатлари аниқланган.

Ҳолатларнинг асосий қисми «Бухоро нефть базаси»нинг собиқ бош ҳисобчиси Ғ. К.нинг бевосита иштирокида амалга оширилган, дейилади хабарда.

Хусусан, собиқ бош ҳисобчи Ғ.К. томонидан 1С Бухгалтерия электрон ҳисоботларда «яқин дўсти»га қарашли корхонадан 917,6 млн сўм, бошқа корхонадан 252,0 млн сўмлик маблағ тушганлиги тўғрисидаги сохта маълумотлар киритиш йўли билан нефть маҳсулотлари ўзлаштирилганлиги айтилди.

2020 йилнинг 18 август куни «Д» МЧЖга «кўрсатилган хизматлар учун» 250 млн сўм пул маблағлари ўтказиб берилган, 1С Бухгалтерия дастурига Бухоро Товар хомашё биржасига нефть маҳсулотлари учун маблағ ўтказилгани тўғрисида сохта маълумотлар киритилиб 250 млн сўм пул маблағлари ўзлаштирилган. Амалда эса, ушбу корхона билан «Бухоро нефть базаси» ўртасида хизмат кўрсатиш бўйича тузилган шартномалари мавжуд бўлмаган.

55 та фермер хўжаликларидан тўловлар мавжудлиги тўғрисида 1С Бухгалтерия дастурига сохта маълумотлар киритиш йўли билан жами 641 млн сўмлик нефть маҳсулотларини талон тарожликка йўл қўйилган.

Собиқ бош ҳисобчи томонидан «Кўкча» филиали бошлиғи Ш. Ж. 3 та истеъмолчи томонидан 430,8 млн сўм тўлов амалга оширилгани тўғрисида ёлғон маълумотлар бериш орқали 430,8 млн сўмлик нефть маҳсулотларни тўловларсиз ўзлаштирган.

Собиқ бош ҳисобчи таъсисчилигида очилган корхонага тўғридан-тўғри манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда ҳеч қандай шартномалар расмийлаштирмасдан 2020 йилнинг август-декабрь ойлари давомида жами 419 млн сўм пул маблағлари молиявий ёрдам сифатида ўтказиб берилган, шунингдек, 1С Бухгалтерия электрон дастурига мазкур маблағларни Бухоро вилоят Товар хомашё биржасига нефть маҳсулотлари учун ўтказиб берилганлик тўғрисида сохта маълумотлар киритилиб ўзлаштириб юборилган.

Ғ.К. шахсий манфаатдорлиги бўлган бошқа корхонанинг «Бухоро нефть базаси» олдидаги 2 млрд 40 млн сўмлик қарздорликни ундириш бўйича 2020 йил 3 март куни Иқтисодий суднинг тегишли ижро варқасини ҳамда 2020 йил 25 апрель кунидаги мажбурий ижро бюроси органларининг ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарори ижросини таъминламаслик ва қарздорликни ундирмаслик мақсадида Мажбурий ижро бюросининг тегишли бўлинмасига 2020 йил 24 ноябрь куни қарздорликни ундириш бўйича ижро ишини тўхтатишни сўраб «Бухоро нефть базаси» МЧЖ раҳбари номидан сохта маълумот киритган ва бу билан ижро ишини тўхтатишга эришган.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Молиявий ва комплаенс назорат департаменти томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги аниқланди, яъни ушбу нефть базада узоқ йиллар раҳбар ва бош муҳандис лавозимларида ишлаган З.Б.га қарашли корхонага 4 540 литр «АИ-80» маркали автобензин маҳсулоти тўловсиз бериб юборилган. Ўрганиш кунига қадар ундириш чоралари кўрилмаган.

Аниқланган ҳолатлар бўйича камчиликларни ундириш ва вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш учун ўрганиш ҳужжатлари тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилган.