Эндиликда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат чегараси режимини бузиб ўтганда қўлланилган жаримани тўласа, Ўзбекистон ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юборилмаслиги мумкин. 15 февралда қабул қилинган қонунга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 224−1-модда билан тўлдирилди. Илгари жарима тўлашидан қатъи назар Ўзбекистондан чиқариб юборилган.

Шунингдек, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юборилганда, кейинчалик Ўзбекистонга кириш ҳуқуқи чекланиш муддатини қўллашга ҳам аниқлик киритилди. Унга кўра, давлат чегараси режимини биринчи марта бузиб ўтганда 1 йил муддат, иккинчи марта содир этилганда 3 йил муддат Ўзбекистонга кириш ҳуқуқи чекланади.

Бундан ташқари, қонун билан қуйидаги ҳуқуқбузарликларга оид ишларни Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари кўриб чиқиши белгиланди:

  • чегара зонасига, шунингдек фуқароларнинг кириши ва бўлишига вақтинча чеклов белгиланган жойларга кириш ҳамда уларда яшаш қоидаларини бузиш (224-модда);
  • Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги режимни бузиш (224−1-модда 1-қисми).

Маъмурий тарзда мамлакатдан чиқариб юбориш жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан қўлланилади.