Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси Telegram`даги ватандошлар учун мўлжалланган гуруҳи орқали Украина ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилди. Фуқаролардан дипломатик миссия билан алоқада бўлиб туриш сўралган. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар бермоқда.

Шу билан бирга, элчихона ҳамюртлардан «тасдиқланмаган, фейк маълумотларни тарқатмасликни ва ваҳимага берилмасликни» сўраган.

«Элчихона Украина давлат органлари, дипломатик корпус ва юртдошларимиз билан доимий алоқада», — дейилади мурожаатда.

Фуқароларда саволлар пайдо бўладиган тақдирда, улар элчихонага электрон почтаси (embassy@uzbekistan.org.ua), телефон рақамлари (+38 044 5015000, +38 044 5014182) ёки дипломатларнинг Telegram манзиллари орқали мурожаат қилишлари мумкинлиги қўшимча қилинган.

Шунингдек, элчихона Uzbekistan airways авиакомпанияси Киевга мунтазам рейсларни амалга ошираётгани ва хоҳлаган фуқаро Киев-Тошкент йўналишида Ўзбекистонга қайтиши мумкинлигини билдирган.

Агентлик хабарида айтилишича, кеча, 13 февраль куни Uzbekistan airways Тошкент-Киев-Тошкент йўналишида мунтазам авиапарвозни амалга оширган. Авиакомпания сайтида берилган маълумотларга кўра, икки йўналишда кейинги рейслар чоршанба (16 февраль) ва якшанба (20 февраль)га режалаштирилган.