2022 йил 24−26 март кунлари биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ) бўлиб ўтади, дея хабар қилди Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Тадбир «стратегик ташаббусларни муҳокама қилиш ва амалга ошириш учун янги майдон»га айланади. Бундан ташқари, Ўзбекистон халқаро бизнес ҳамжамиятига мамлакатнинг сармоявий имкониятларини намойиш этади.

Форумдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон бозорида ўз фаолиятини кенгайтиришдан манфаатдор бўлган хорижий инвесторлар, молия-иқтисодий ташкилотларини жалб этишдан иборат.

Форум иштирокчилари қуйидаги имкониятларга эга бўладилар:

  • Ўзбекистон ишбилармонлик муҳитидаги ўзгаришлар билан танишиш ва уни ривожлантиришнинг янги босқичида иштирок этиш;
  • минтақавий ташаббуслар доирасида логистика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича истиқболли лойиҳаларни аниқлаш;
  • иқтисодиётни эркинлаштиришга қаратилган давлат дастури билан танишиш;
  • тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва хусусийлаштириш йўналишларидаги йирик лойиҳаларни ўрганиш;
  • Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳукумати, молия ва ишбилармон доираларидаги муҳим шахслар билан алоқа ўрнатиш.

Тадбирда турли мавзулар — яшил энергиядан инновацион саноатгача, қишлоқ хўжалигидан иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштиришгача бўлган мавзулар муҳокама қилинади. Бундан ташқари, форумнинг сўнгги кунида хоҳловчилар учун маҳаллий корхоналарга саёҳатлар ташкил этилади.

Форумда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш лозим. Тадбир ҳақида батафсил маълумот iift.uz сайтида мавжуд.

Маълумот учун, биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми 2020 йил 5−6 март кунлари бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ коронавирус пандемияси сабабли форум қолдирилган эди.