Эндиликда ўқитувчилар уй вазифаларини ўқувчи ва ота-оналар билан келишган ҳолда Kundalik.com тизими ёки исталган бошқа ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар ёрдамида қабул қилишлари мумкин.

Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова Kundalik электрон платформасидан масофавий таълим жараёнида фойдаланиш бўйича саволга берган жавобида маълум қилди.

Таъкидлаб ўтамиз, сўнгги икки ҳафта ичида кўплаб ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари уй вазифаларини Kundalik тизимига юклаш билан боғлиқ муаммоларни қайд этишган.

«40 дақиқа давомида фарзандимнинг уй вазифасини ушбу платформага юклашга уриндим. Натижада, ҳеч фойдаси бўлмади, юкланаётгани тўғрисидаги ғилдирак айланади ва браузерни юкланиш тугамагунча ёпмаслик ҳақида хабар пайдо бўлади, лекин юклаш амалга ошмайди!» — дея муаммони тарифлайди Facebook`даги «Потребитель.Уз» гуруҳи аъзоси.

Лайло Рустамова Халқ таълими вазирлиги кўплаб мурожаатларни инобатга олган ҳолда ўқитувчи ва ота-оналарга қулайлик туғдириш мақсадида масофавий таълим даври якунига қадар электрон Kundalik платформаси билан боғлиқ бир қатор чеклов ва талаблар бекор қилинаётганини маълум қилди.

Бунда телевидение орқали эфирга узатилаётган фанлар доирасида ўқитувчилар томонидан берилаётган уйга вазифалар «Онлайн-мактаб» телевизион дастури орқали эфирга узатилаётган дарсларига мос бўлиши лозим.

Уйга вазифа топширилгандан кейин ўқитувчилар томонидан уларни баҳолаш ва қўйилган баҳоларни Kundalik.com тизимига ёки Kundalik.com жорий қилинмаган мактабларда босма шаклдаги синф журналларига қўйиш учун 5(беш) кун муддат берилади.