1 мартдан уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига ойлик компенсация пул тўловлари, уни олиш ҳуқуқига эга бўлган барча имтиёзли тоифадаги шахсларга, ушбу шахсларнинг пенсия (ижтимоий нафақа) олиши ёки олмаслиги ҳамда меҳнат фаолиятини олиб бориши ёки олиб бормаслигидан қатъи назар тўлаб борилади.

Бу президентнинг 28 январдаги «Аҳолинниг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини моддий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги [ПФ-58-сон] фармонида назарда тутилган.

Ушбу санадан бошлаб ижтимоий нафақа олувчи ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз шахсларга компенсация тўлови жорий этилади. Ҳар ойлик компенсация тўлови — пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 45 фоизи (130 050 сўм) миқдорида тўланади.

Бундан ташқари, ёши 100 га тўлган ва ундан ошган ижтимоий нафақа олувчи шахслар учун ҳар ойда — пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 100 фоизи (289 минг сўм) миқдорида қўшимча тўлов белгиланади.

Бунда, қўшимча тўлов пенция ва нафақа тайинланган ташкилот орқали республика бюджети ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

2022 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда 570 нафар 100 ёш ва ундан ошган фуқаролар истиқомат қилади, уларнинг 109 нафари эркак, қолган 461 нафари эса аёллардан иборат.