Қозоғистондан жўнатилган пул ўтказмалари умумий ҳажмининг қарийб 30 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Бу ҳақда Ranking.kz маълумотларига таяниб, Spot хабар берди.

Қайд этилишича, Қозоғистон Миллий банкининг ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида жисмоний шахслар мамлакатдан хорижга 921,3 млрд тенге (ҳозирги курс бўйича 2,1 млрд доллар) ўтказган. Бу 2020 йилга нисбатан 29,2 фоизга кўп.

Ўзбекистон Қозоғистондан пул ўтказмалари қабул қилувчи давлатлар орасида биринчи ўринни эгаллаб турибди. 11 ой ичида Ўзбекистонга 278,5 млрд тенге пул ўтказилган (639,6 млн доллар).

Бундан ташқари:

2-ўринда Туркияга — 189,2 млрд тенге (434,5 млн доллар);

3-ўринда Россияга — 162,1 млрд тенге (372,3 млн доллар) маблағ жўнатилган.

Шунингдек, хориждан Қозоғистонга 256,2 млрд тенге ёки 588,3 млн доллар, 2020 йилга нисбатан бир оз камроқ маблағ келиб тушган.

Бу маблағларнинг:

  • ярмига яқини Россия (111,8 млн доллар),
  • Ўзбекистон (102,2 млн доллар),
  • Жанубий Корея (83,1 млн доллар) ҳиссасига тўғри келади.

Spot`нинг ёзишича, Ўзбекистон Россиядан пул ўтказмалари ҳажми бўйича ҳам МДҲда биринчи ўринни сақлаб турибди. Биргина 2021 йилнинг июль-сентябрь ойларида меҳнат муҳожирлари у ердан 1 млрд доллар ўтказган — бу МДҲ мамлакатларига пул ўтказмаларининг деярли ярми демакдир.

2021 йилнинг 11 ойида Ўзбекистон пул ўтказмалари орқали 7 млрд доллар олган, бу ўтган йилга нисбатан 35 фоизга кўп. Қайд этилишича, бу маблағлар сўм курсини, шунингдек, аҳолининг харид қобилиятини сақлаб қолиш имконини беради.