«Пойтахт бизнес мажмуаси», «Малика» савдо мажмуаси, «Белдерсой оромгоҳи» ҳамда «No'kis vinozavodi» АЖ сотилди, деб хабар берди Давлат активларини бошқариш агентлиги.

«No'kis vinozavodi» АЖнинг 51% улуши «Qarataw sawda bazasi» МЧЖга 17,5 млрд сўм харид қиймати ҳамда 3,4 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш шарти билан сотилган.

«Пойтахт бизнес мажмуаси» МЧЖ мулкий мажмуаси бўйича савдоларда БААнинг «Quadro IH DMCC» компанияси 164 млрд сўм харид қийматини бир йўла тўлаш ҳамда таъмирлаш-тиклаш ишлари учун 6,0 млн доллардан кам бўлмаган миқдорда инвестиция киритиш шарти билан ғолиб бўлган.

«Малика» савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуасини «Premium Prime Service» МЧЖ 125 млрд сўм харид қийматини бир йўла тўлаш ҳамда таъмирлаш-тиклаш ишлари учун 100 млрд сўм миқдорида инвестиция киритиш ва 250 та янги иш ўринларини яратиш шарти билан қўлга киритган.

«Билдирсой оромгоҳи» дам олиш маскани (Канат йўли билан бирга) бўйича савдоларда «Ulkan Mulk» МЧЖ 107 млрд сўм харид қийматини бир йўла тўлаш шарти билан савдо ғолиби деб топилган.

Шунингдек, харидорларга дарахт ва буталарнинг кесилишига жорий этилган мораторий талабларига риоя қилиш мажбурияти юклатилган.